Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:21

Бишкек Вашингтон билан савдолашмоқда


Тўлқин 31 май куни Бишкекда АҚШ ҳукумати делегацияси ва Қирғизистон расмийлари ўртасида Американинг “Манас” аэропортидаги Ганси номидаги авиабазаси ижара ҳақи бўйича музокаралар бошланди.

Қирғизистон бу базадан фойданиш бўйича ижара шартномаси қайта кўриб чиқилиши ва ижара ҳақи юз баробар оширилишини талаб қиляпти. Бу шартнома 2001 йилда имзоланган эди.

“Шартнома имзоланганда томонлар муҳим бир жиҳатни назардан четда қолдирган. Яъни қонунга кўра, ҳар қандай мамлакатда бирор ҳудуд ёки объект бошқа бир мамлакатга ижарага берилаётганда, албатта, ижара ҳақи коэффициенти белгиланиши керак”, - деди Қирғизистон бош вазири Феликс Қулов.

Феликс Қулов Қирғизистон ҳукуматининг ижара ҳақини ошириш талабида ҳеч қандай сиёсий маъно йўқлигини таъкидлади.

“Бу фақат коэффициентни белгилаб олиш учун қонун талаби. Бу ерда ҳеч қандай сиёсий маъно йўқ. Фақат қонунга риоя қилиш керак, деган талаб бор, холос”, - деди Ф.Қулов.

Гарчи АҚШ ижара ҳақи учун беш йил давомида 2 миллион доллардан маблағ ажратиб келган бўлса-да, бу пул бюджетга тушмаган. Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев ижара ҳақи 200 миллион доллар (бу маблағ мамлакат бюджетининг 3 дан 2 қисмига тенг) бўлиши кераклигини билдиряпти.

Қ.Бақиев яқинда Россияга сафари олдидан Америка ҳукумати олдига бу масалани 1 июнгача ҳал этиш шартини қўйди.

Бишкекда 31 май куни бошланган музокаралар президентнинг ана шу баёноти натижаси, дейиш мумкин.

“Музокаралар энг юқори босқичда, яъни давлат раҳбарлари, вазирликлар ўртасида бормоқда. Бугун белгиланган муддатнинг охирги куни, шу боис, кун якунигача қандайдир қарорлар қабул қилинади”, - деди Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исоқов.
XS
SM
MD
LG