Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Ҳадиса хунрезлиги юзасидан текширувлар натижалари оммага етказилади


АҚШ ҳарбийлари ўтган йили Ироқнинг Ҳадиса қишлоғида юз берган воқеа юзасидан ўтказилаëтган текширув натижаларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этишини маълум қилди.

АҚШ ҳарбийларининг 2005 йил 19 ноябрда Ҳадисада ўтказган ҳарбий амалиёти чоғида оддий фуқаролардан 24 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳам отиб ташлангани айтилади. Босди-босди қилинган ушбу воқеа юзасидан текширув эса журналистларнинг талаби билан бошланган эди.

Кузатувчиларнинг билдиришича, Ҳадиса қишлоғида юз берган воқеа атрофидаги тўполоннинг кучайиб бориши АҚШ обрўсига Абу Ғрайб ҳодисаси сингари катта путур етказиши мумкин.

Оқ уй матбуот котиби Тони Сноу АҚШ ҳарбийларининг Ҳадисадаги хунрезлиги ўрганилаётгани, бу воқеадан президент Жорж Буш ҳам хабардор этилганини маълум қилди.

“Президент ушбу ҳодисани Мудофаа вазирлиги доирасида синчковлик билан ўрганишга рухсат берди. Мазкур воқеада денгиз пиëдалари фаол ва агрессив ҳаракат қилганга ўхшайди. Ҳадиса воқеаларини ўрганиш комиссияси текширув тугаши билан унинг натижаси жамоатчиликка эълон қилинишини билдирди”, - деди Т.Сноу.

АҚШ Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Фредерик Жонс АҚШда чоп этиладиган “Time” журналининг Ҳадисадаги воқеаларни мустақил ўрганишга киришгани воқеанинг асл моҳияти фош этилишига ëрдам берганини таъкидлади.

Журнал Ҳадиса воқеаси ҳақида биринчи бор шу йилнинг 10 февралида жамоатчиликка маълумот тақдим этганди.

Март ойида эса журнал маҳаллий гувоҳлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига таяниб, 19 ноябрь куни эрталаб йўл четида ўрнатилган портловчи моддага дуч келиши оқибатида ҳалок бўлган 20 ëшли Мигел Терразаснинг ўлимидан сўнг америкалик ҳарбийлар Ҳадиса қишлоғидаги учта хонадонга бостириб кергани қилгани ва у ерда бўлган 19 киши ҳамда ўша жойга етиб келган яна 5 кишини отиб ўлдирганини ëзган эди.

Март ойида Ироқдаги ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи Ҳадиса қишлоғидаги хунрезликлар тасвирга олинган тасмани дунë жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилди. Мазкур тасмада 3 ëшли болакай ва бошқаларнинг жасади тахлаб қўйилгани акс этган.

“Time”да эълон қилинган маълумотлар эса АҚШ ҳарбийларининг ҳақиқатни тан олишига туртки бўлгани айтилади. Чунки даставвал АҚШ ҳарбийлари тинч аҳоли вакиллари йўл четига ўрнатилган бомба портлашидан ўлганини айтиб келган эди.

Апрель ойида ушбу ҳодисага алоқадор уч қўмондон ўз вазифасидан озод этилди.

Шу ҳафтада демократ конгрессмен Жон Муртанинг ҳарбийларни ушбу ҳодисани босди-босди қилишда айблаши ортидан Ҳадиса атрофидаги жанжал яна кучайди.

“Мен қотилликни кечирмайман. Бу ҳақда ҳатто савол ҳам бўлиши мумкин эмас. Ушбу ҳодиса юзасидан дарҳол текширув ўтказилиши ва унинг натижалари оммага эълон қилиниши лозим эди. Шунингдек, бу учун масъул бўлган шахслар қонун олдида жавоб бериши керак эди”, - дейди Жон Мурта АҚШнинг “ABC News” каналига берган интервюсида.

Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий ҳам Ҳадиса воқеалари юзасидан текширувлар ўтказилишини талаб қилди.

“Хатолар ҳаммада бўлади. Ҳеч ким бундан ҳимояланмаган. Аммо ҳамма нарса меъëрида бўлиши лозим. Бироқ хатолар чегарадан чиқиб, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига олиб келса, у ҳолда буни хато дейишга тил ҳам бормайди”, - дейди ал-Маликий.

Ҳадиса воқеасининг диққат марказига чиққани Ироқда мазҳаблараро шундоқ ҳам таранг муносабатларни янада кескинлаштириши мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG