Линклар

logo-print

Жазирама сабабини Ироқдан изланг


Ҳабибулло Ботиров Марказий Осиёнинг барча минтақаларида бўлгани сингари бу йил май ойида Тожикистонда ҳам ҳаво ҳарорати одатдагидан анча юқори бўлди. Май ойида одатда июнь-июлга чиқадиган мевалар бозорларни тўлдирди.

Мамлакатнинг айрим минтақаларида ҳаво ҳарорати 42-43 даражагача ва Душанбеда 38 даражагача кўтарилди. Аммо май ойи поёнида иссиқ бироз босилди. Шунда ҳам пойтахтдаги ҳарорат одатда июнда кузатиладиган даражада бўлмоқда.

“Ҳаво ҳароратининг бирданига кўтарилиб кетиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ, - дейди Тожикистон об-ҳавони ўрганиш маркази бошлиғи Жамила Убайдуллаева. - Бундан бир неча йиллар олдин ҳам Тожикистонда шундай вазият кузатилганди. 1940, 1944, 1948, 1966, 1971, 2000, 2001 йилларда май ойида ёғингарчилик бўлмай, ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетганди. Бу йил ҳам май ойида Ҳисор водийсида ҳарорат 37-38 ва жанубий минтақаларда 42 даражагача кўтарилди. Бундай жазирама одатда июнь ойи охирлари ва июль ойига хос”.

Ж.Убайдуллаеванинг айтишича, Арабистон, Эрон ва Ироқ томондан келган иссиқ ҳаво оқими минтақада ҳароратни ошириб юборган.

“Гарчи кейинги бир неча кун ичида иссиқ 2-3 даража пасайгани кузатилса-да, яқин кунларда ҳаво ҳарорати яна кўтарилиши кутилмоқда”, - деди у.

Май ойида ҳаво иссиқ ва ёғингарчилик бўлмагани Тожикистоннинг айрим туманларида суғориладиган майдонлардаги донли экинлар ва картошка ҳосилига салбий таъсир кўрсатди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мева-сабзавот ва картошкачилик идораси бош мутахассиси Жўра Азизов сўзларига кўра, ҳаво қуруқ келгани сабабли помидор, мева, узум мўл ҳосил берган, касалликка йўлиқмаган. Бозорлар бу йил сероб бўлиши кутилмоқда.

“Аммо, умуман олганда, республика қўрғоқчиликдан зарар кўряпти. Чорва учун табиий ўт-ўлан кам бўлди. Лалми ерларда етиштирилган буғдой, нўхат, зиғир ҳосили мўл эмас. Кўп туманларда чигит ҳам сув билан ундириб олинди”, - деди Ж.Азизов.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетиши қор ва музликларнинг тез эришига олиб келмоқда. Панж дарёси сатҳи кўтарилди. Бироқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча хатарли вазият юзага келмаганини билдирди.

Халқаро ташкилотлар ажратган етти миллион доллар ҳисобига дарё соҳилини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG