Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:42

Қозоғистон ҳам обод эмас


Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга нисбатан Қозоғистон аҳолиси анча яхши яшаётгани эътироф этилса-да, сўнгги пайтларда кун кўриш қийинлашаётганидан нолийдиган қозоғистонликлар ҳам кўпаймоқда.

Сўнгги ҳафтада Чимкент шаҳрида ота-оналари томонидан ташлаб кетилган 4 бола топилди. Маълум бўлишича, ота-оналари болаларини боқишга имкони йўқлиги боис, улардан воз кечишга мажбур бўлган.

Ака-укалар Рўзмат ва Дониёр айни пайтда Чимкентдаги 3-болалар уйида тарбияланмоқда. Яқинда онаси уларни болалар уйи ёнига ташлаб кетган эди. Болалар Забадам шаҳарчасида яшагани ва отасининг исми Мухтор эканини эслайди, холос. Гўдаклар ёнидан чиққан хатда ота-онаси болаларини боқиш имкониятига эга эмаслиги туфайли улардан воз кечгани ёзилган.

Бу воқеадан сал ўтиб, болалар уйи яқинига 1,5 яшар яна бир ўғил бола ташлаб кетилди. Чўнтагидан боланинг исми, фамилияси, ёши ёзилган қоғоз чиқди.

Чимкентнинг Модагулов кўчасида яшовчи кишилар эса янги туғилган гўдакни топиб олди. Гўдак бутунлай яланғоч ҳолда кўчада ётган. У яқин кунларда ота-оналари воз кечиб, давлат қарамоғига олинган тўртинчи боладир.

Чимкент шаҳридаги 4-туғруқхонада куни-кеча дунёга келган 3 эгизакнинг тақдири ҳам анча туманли кўринади. Болаларнинг онаси 39 ёшли Тўлқиной Қидирбоева яшашга уйи йўқлигини айтяпти.

Унинг билдиришича, эри билан Оқтош овулидаги Бугара маҳалласида чимкентлик бойваччалардан бирининг молларини боқиб кун кўради. Улар чўпонлик қилиб яшаётган жойда электр энегияси ҳам, табиий газ ва тоза ичимлик сув ҳам йўқ. Оиланинг бор-йўқ бойлиги биттагина бешик.

Қидирбоевлар оиласида уч эгизакдан ташқари яна икки ўғил фарзанд ҳам бор.

Т.Қидирбоеванинг сўзларига кўра, қийинчиликлар кўп бўлса-да, оиласи фарзандларидан воз кечмоқчи эмас. Бироқ уларни тарбиялаш учун давлат томонидан озгина ёрдам берилишидан умидвор. Айнан шу ниятда Қозоғистон президенти ва Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими ҳамда Чимкент шаҳри ҳокими шарафига эгизакларга уларнинг исмини қўйган.

Шифокорларнинг айтишича, уч эгизак - Нурсултон, Бўлат ва Умрзоқ жуда соғлом. Фақат адашлари бўлмиш ҳукумат расмийлари томонидан уларга бирор кўмак бериладими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG