Линклар

Қозоғистонлик ўзбекларнинг “Офарин”и


Жанубий Қозоғистонда ўзбек санъаткорлари ўртасида анъанавий “Офарин” кўрик танлови ўтказилди. Вилоят Ўзбек санъаткорлари уюшмаси ва Ўзбек миллий маркази томонидан ташкил қилинган танловда юзга яқин қўшиқчи ва раққоса иштирок этди.

Ўзбек санъаткорлари уюшмаси раиси, “Офарин” танлови ташкилотчиси Сайдулло Маҳмудов сўзларига кўра, бу тадбир илк бор 1992 йилда ташкил этилган.

”Ўзбек миллатидан чиққан санъатсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш учун “Офарин”ни ташкил қилганман. Танлов ғолиблиги ҳам ёшларимиз учун унвондай гап”, - дейди С.Маҳмудов.

Танлов ҳайъати аъзоларидан бири Қосимхўжа Абдураимовнинг айтишича, тадбир аслида қўшиқчилик, рақс санъати ва сухандонлик йўналишларида ўтказилиши керак эди. Бироқ сухандонлар йўқлиги сабаби икки йўналишда бўлиб ўтди.

“Жанубий Қозоғистон” газетаси икки йилдан буён танловни ўтказишда ҳамкорлик қилиб келади.

“Газетамиз Қозоғистонда ўзбек тилидаги ягона вилоят нашри бўлгани учун ўзбеклардан етишиб чиқаётган ёш санъаткорларни, ўзбек маданиятини тарғиб қилиш мақсадида шу ишга йўл урганмиз”, - деди бош муҳаррири Муроджон Абубакиров.

Қозоғистон халқлар дўстлиги университети мусиқа бўлими талабаси Ҳавазмат Солиев танловнинг қўшиқчилик йўналиши бўйича ғолиб бўлди.

“Бу йил танловга иккинчи марта қатнашдим. 2000 йилда 3-ўринни эгаллагандим. Шундан сўнг ўз устимда астойдил ишладим. Тошкентга бориб, етук домлалар қўлида таҳсил олдим. Янги-янги қўшиқлар яратиш устида ишлаш режаларим бор”, - дейди Ҳ.Солиев.

Рақс йўналишида сайрамлик 17 ёшли Диёра Ҳасанова ғолибликни қўлга киритди.

”Санъаткорлар оиласимиз. Отам хонанда. Шунинг учун рақс тушишимга муносабат яхши. Бўлмаса ўзбекчиликда қизларнинг рақс тушишига ёмон муносабатда бўлишади. Уйимизда раққосалигимга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Аксинча, қўллаб-қувватлашади. Лекин ўйлайманки, кейинчалик турмушга чиқсам, қайнота-қайнонам қаршилик қилиши мумкин. Шу сабабли келажакда раққоса бўлмайман. Шифокорлик касбини эгалламоқчиман”, - дейди Д.Ҳасанова.

Чимкентлик хонанда Севара Ризаметова 2002 йилда “Офарин” танловида ғалаба қозонганди.

”Мен танловда қатнашган йилим келажакда қўшиқчи бўлишга кўзим етмасди. Ўзимга ишонмасдим. “Офарин”га қатнашиб, ўзимни синаб кўрганимдан кейин ҳаракати қилиб, санъат оламига шўнғиб кетдим. Кейин шу каби бир неча қозоқча танловларда ҳам қатнашдим ва натижаларим ҳам ёмон эмас. Ўтган йили эса илк яккахон концертимни ўтказдим”, - деди С.Ризаметова.

Хонанда Нодиршоҳнинг айтишича, “Офарин” танловининг аксарият ғолиблари кейинчалик санъат оламида кўринмай қоладит. Бунинг асосий сабабларидан бири маблағга бориб тақалади. Мусиқа ёзиш, қўшиқ қилишдан ташқари телеэкранга чиқиш ҳам катта маблағ талаб этади.
XS
SM
MD
LG