Линклар

logo-print

Дунё сиёсати “кит”лари Эроннинг ядровий дастури тақдирини муҳокама қилмоқда

  • Алишер Сиддиқ

1 июнь куни Вена шаҳрида БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия вакиллари иштирокида Эроннинг ядровий дастури борасидаги навбатдаги йиғилиш бошланди.

Мажлис Венада ўтаётганига қарамай, барчанинг назари Вашингтон ва Теҳронга қаратилган.

31 май куни Жорж Буш маъмурияти ўзининг Теҳрон борасидаги сиёсатида жиддий бурилишни намойиш этишга ҳаракат қилди. Америка Буюк Британия, Франция ва Германияга қўшилиб, Эрон билан мулоқот қилишга тайёрлигини билдирди.

Аммо АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс бунинг учун Эрондан талаб этиладиган шартларни ҳам илгари сурди.

“Масалани ҳал этишнинг дипломатик йўлига содиқлигимизни кўрсатиш ва муваффақият учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида Эрон уранни бойитиш ва қайта ишлаш ишларини тўхтатиши биланоқ АҚШ Европа Иттифоқининг бошқа аъзоларига қўшилиб, Эрон вакиллари билан музокаралар курсисига ўтиради”, - деди К.Райс.

Бу баёнотга Теҳрон кескинлик билан жавоб берди.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий: “Вашингтоннинг бевосита мулоқот ўтказиш таклифини хуш қаршиласак ҳам Эрон Оқ уй талаб қилаётганидек, урани бойитиш ишларидан воз кечмайди. Биз қонуний ва аниқ ҳақ-ҳуқуқларимиз, халқаро шартномалар асосида Эронга берилган ҳуқуқлар борасида музокара ўтказмаймиз. Бундай тартибсиз баёнотлар уларнинг Ироқдаги жиноятларини ёпиш учун қилинаётган бўлиши ҳам мумкин”, - деди.

Шунга қарамай, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат масалалари мутасаддиси Ҳавьер Солана АҚШнинг Эронга қилган таклифини олқишлади.

Расмий Пекин ҳам АҚШ Эрон билан бевосита мулоқотга киришмоқчи бўлаётганини хуш қаршилади.

“Аммо бунинг учун Америка томони шарт қўймаса ҳам бўлар эди” , – деди Хитойнинг БМТдаги вакили Ванг Гуангиа.

Вашингтон эса бу таклифининг Теҳрон томонидан рад этилиши Американи дипломатик жиҳатдан устун мавқега қўйишига умид қилаётгандек.


Айни пайтда Вашингтон Россиянинг айрим шартларига рози бўлгани айтилмоқда. Россия ҳам Вашингтонни қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан холи эмас. АҚШ БМТнинг Эрон борасидаги резолюциясидан “куч ишлатиш” сўзи олиб ташланишига рози бўлиши ҳақида ҳам хабарлар бор. Бу эса Россия ва Хитойнинг Эрон ядровий дастурлари атрофидаги бўҳронни дипломатик йўллар билан ҳал этиш таклифига мосдир.
XS
SM
MD
LG