Линклар

logo-print

Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда хорижий сармоя ётқизилган корхоналар учун илгари берилган чексиз имтиёзлар бекор қилинди

  • Озодлик

Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган махсус қарорга кўра, энди солиқ, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар учун яратилган қўшимча имтиëзлар фақатгина маълум муддатга берилади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазирлиги мутахассислари ҳукуматнинг бундай чоралар кўриши мамлакатда фаолият юритадиган хорижий сармояли корхоналар фаолиятини ягона қонун доирасига олиб кириш мақсадида қилинаëтганини билдиряпти.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Алишер Алиқулов “Озодлик”ка берган интервьюсида ҳукуматнинг бундай ҳаракати халқаро қонунчиликка зид эканини айтади.

“Халқаро қонунларга кўра, агар тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан имтиëзлар берилган бўлса, буни дарҳол бекор қилиб бўлмайди. Масалан, янги қонуннинг фақатгина у кучга киргандан сўнг рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларига дахли бўлиши мумкин. Ундан олдин фаолият юритиб келган ва имтиëзлар берилган хорижий сармоя ëтқизилган қўшма корхоналар бундан мустасно”, - деди А.Алиқулов.

Иқтисодчининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонга кираётган хорижий сармоя камайиб бораëтганини кузатиш мумкин.

“Ҳукумат эса бундай ҳаракатлари (имтиёзларни бекор қилиш) билан мамлакат иқтисоди устидан назоратни янада кучайтирмоқчи, деб ўйлайман. Биласизми, менимча, бундай ҳаракатлар Россиянинг таъсири билан қилинаëтган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Тошкент ҳозир Кремлга иқтисодий соҳада анчагина имтиëзлар бермоқда. Ҳукуматнинг солиқ ва божхона имтиëзларини бекор қилиш ҳақидаги қарори 200-300 минг АҚШ доллари ëтқизган тадбиркорлик субъектларга тегишли бўлиши мумкин. Миллионлаб доллар олиб кирган корпорациялар фаолияти эса ҳукуматнинг ўзи билан келишилади”, - дейди А.Алиқулов.


Илгари Ўзбекистондаги бир қанча қўшма корхоналар фаолияти ҳукуматнинг махсус қарорлари ëрдамида бошқарилар ва айрим қўшма корхоналар муддатсиз асосда солиқ тўлашдан озод этишни назарда тутувчи индивидуал солиқ тизимига эга эди. Шундай имтиëзларга эга бўлган йирик инвесторлар қаторига “Newmont mining”, “Nestle” ширкатларини қўшиш мумкин.

Россиянинг “Вимм-Билль-Данн” компанияси ҳам ўз вақтида ҳукуматнинг унга божхона ва солиқ имтиëзларини беришни назарда тутувчи махсус қарори чиқишига эришган эди.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази ходимаси Анна Уолкер “Озодликка” берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қарори шундоқ ҳам оғир бўлган вазиятнинг янада кескинлашиб боришидан далолат беришини айтади.

“Ҳукуматнинг бундай қарор қабул қилишига турли сабаблар бўлиши мумкин. Биринчидан, солиқ даромадларини олиш билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги. Иккинчидан, олтин қазиб чиқарувчи ширкатларга имтиëзлар берилгач, жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилгани учун ҳам Тошкент иқтисодий жиҳатдан ютқазяпти. Ислом Каримов шу йил бошларида Россия инвесторларининг Ўзбекистонга сармоя ëтқизишини Ғарб сармоясидан афзал кўришини таъкидлаганидан хабарим бор. Солиқ ва бошқа имтиëзларнинг бекор қилиниши эса шундоқ ҳам осон бўлмаган вазиятни кескинлаштиради. Натижада сармоядорлар катта зарар кўради”, - деди Анна Уолкер.

Энди компанияларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш ёки бермаслик масаласи билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган махсус гуруҳ шуғулланади.

Ўзбекистондаги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналардан бирининг ходими ҳам имтиëзларнинг бекор қилиниши тадбиркорлик субъектларига жуда қаттиқ зарба бўлишини таъкидлади.

“Жуда қийин бўлади. Биринчидан, божхона текширувидан ўтказиш жараëнида жуда кўп муаммолар мавжуд. Бож, акциз солиқлари учун катта пул тўлаш керак. Хуллас, бу яхшиликка олиб келмайди”, - дейди ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири.

Шу пайтгача Ўзбекистонда хорижий сармоя ëтқизилган 34га яқин қўшма корхонага солиқ, божхона ва бошқа имтиëзлар берилган эди.
XS
SM
MD
LG