Линклар

Тожикистон қамоқхоналари маҳбусларга тўлиб-тошган


Ҳабибулла Ботиров Маълумотларга кўра, Тожикистон қамоқхоналарида 11 мингдан ортиқ маҳбус бўлиб, озодликдан маҳрум этилганларнинг тахминан 1600 нафари сил касаллигига чалинган, 160 маҳбус ОИТВ юқтирган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги маркази ва БМТнинг Тожикистонда тинчликни сақлаш бюроси ҳамкорликда ташкил этган давра суҳбатида маҳбусларни қамоқда тутиб туриш шароитлари ва ахлоқ тузатиш муассасалари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу учрашувда Адлия вазирлигига қарашли ахлоқ тузатиш бошқармаси ходимлари, ноҳукумат ҳамда халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўтган йил августда мамлакат жанубидаги Қўрғонтепа шаҳри қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар бу ердаги шароит ва озиқ-овқат ёмонлиги, назоратчиларнинг дағал муомаласи ва ҳатто қийноқларга солинаётганидан норозилик билдириб, исён кўтарган эди. Ҳозир Қўрғонтепа шаҳрида исёнчи маҳбуслардан ўн икки нафари устидан суд жараёни бормоқда.

Маҳбуслар яқинларининг президент ва ОАВга йўллаган мактубида қамоқхона назоратчилари маҳбусларни ота-оналари ва рафиқалари таний олмайдиган даражада калтаклаётгани айтилади.

Бироқ йиғилишда на ноҳукумат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, на расмийлар бу ҳақда оғиз очди.

Адлия вазирлигининг ахлоқ тузатиш муассасалари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Абдулҳақов эса ноҳукумат ва халқаро ташкилотларни назоратчилар тайёрлаш, қамоқхоналарда касблар бўйича иш жойлари ташкил этишга кўмаклашиш ўрнига қамоқхоналар шароитини ўрганиш учун у ерга киришга рухсат бериш талабини қўйиб келаётганликда, журналистларни маҳбуслар шикоятларини асоссиз равишда оммага етказаётганликда айблади.

“ОАВ ахлоқ тузатиш муассасаларида маҳбуслар қийноқларга солинаётгани тўғрисидаги шикоят ва аризаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши керак ва умуман бу мавзуни жуда ҳам кенг ёритмасликни тавсия қилган бўлардим”, - деди Б.Абдулҳақов.

Унинг фикрича, қамоқхоналар муаммолари билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотлар кўпайиб кетган ва улар бир-бирининг ишини такрорлайди. Шунинг учун уларнинг ҳаммаси ахлоқ тузатиш муассасаларидаги шароитни мунтазам текшириши шарт эмас.

БМТнинг Тожикистонда тинчликни сақлаш бюроси бошлиғи Владимир Сотиров Б.Абдулҳақов фикрига қўшилмаслигини айтади.

“Қамоқхоналар фуқаровий жамият вакилларининг у ердаги вазиятни текшириши учун очиқ бўлиши лозим. Ривожланган мамлакатларда фуқаровий жамият вакилларининг маҳбуслардан тушган шикоят асосида қамоқхоналарга тўсатдан кириб келиши тажрибаси ҳам қўлланилмоқда. Умуман қамоқхоналар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш тўғрисида қонун қабул қилинса, ёмон бўлмас эди. Бундай қонун Қирғизистонда амал қилмоқда. Тожикистон демократик ривожланиш йўлини танлаган экан, маҳбусларнинг инсоний ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар биринчи галда ҳал этмоғи даркор”, - деди В.Сотиров.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлил маркази бошлиғи Раҳимжон Маҳмудов сўзларига кўра, бу йил Тожикистон БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига ўзи имзолаган қийноқларга қарши конвенциянинг қандай бажарилаётгани тўғрисида биринчи марта ҳисобот бериши лозим. Лекин Адлия вазирлигининг ахлоқ тузатиш муассалалари бошқармаси ноҳукумат ташкилотларга муқобил ҳисобот тайёрлаш учун маълумот тўплаш мақсадида қамоқхоналарга киришга узоқ вақт монеълик қилиб келган.

“Тожикистондаги қамоқхоналар маҳбусларга тўлиб кетган. Мамлакатнинг ўзида расман 11 мингдан зиёд маҳбус сақланаётгани айтилади. Лекин бошқа мамлакатларда, жумладан, Россияда 12-15 минг (тожикистонлик) маҳбус борлигини ҳеч ким тилга олмайди”, - деди Р.Маҳмудов.

Маълумотларга кўра, 2005 йилда мамлакат қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг тахминан 1600 нафари сил касаллигига чалинган, ОИТВ юқтирган 115 маҳбус бор. Ўтган йили турли хасталиклардан 62 маҳбус вафот этган. Бир маҳбусни қамоқда бир кун сақлаш учун давлат тахминан 35 АҚШ центи миқдорида маблағ сарфлайди.
XS
SM
MD
LG