Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:19

Коррупцияга қарши курашми ёки …


Россия президенти Владимир Путиннинг 10 май куни парламент ялпи мажлисидаги коррупцияга қарши курашни кучайтириш чақириғидан сўнг мамлакатда ишдан бўшатишлар ва ҳибсга олишлар кўпайди.

Чақириқдан икки кун ўтиб, Федерал божхона идораси, Федерал хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг 12 юқори лавозимли амалдори ишдан олинди.

Шундан сўнг Ненец мухтор округи ҳокими Алексей Баринов қўлга олинди. У катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилишда гумонланмоқда. 23 май куни Волгоград шаҳри ҳокими Евгений Ишченко ҳибсга олинди. 31 май куни Самара шаҳар ҳокими Георгий Лиманский стадионни ноқонуний ўзлаштиришда айбланди ва яқин фурсатда унга қарши жиноят иши очилиши мумкин.

Россиядаги Федерал минтақалар тадқиқоти институти ходими Александр Сухарев бошқа кузатувчилар сингари ҳукуматнинг коррупцияга қарши бу хатти-ҳаракатларини олқишлади.

“Минтақалар даражасидаги ҳокимиятлар фаолиятида ҳалоллик талаб қилиш тўлқини давом этмоқда. Президентнинг парламент ялпи мажлисидаги коррупцияга қарши шавқатсиз кураш олиб бориш чақириғи жуда тўғри. Чунки юқори даражали амалдорлар орасида ҳатто озгина коррупция бўлса, ҳукумат халқ ишончини қозона олмайди ”, – дейди таҳлилчи.

Танқидчилар орасида эса бу хатти-ҳаракатлар ортида Кремль бошқа мақсадларни ҳам кўзлаганини айтаётганлар учрайди.

Коррупция муаммосини ўрганувчи Идем жамғармаси раҳбари Грегорий Сатторов сўнгги ҳафталар ичида айрим амалдорларнинг ҳибсга олиниши коррупцияга алоқадор эмаслигини таъкидлади.

“Бу коррупцияга қарши кураш эмас, балки коррупцияга берилган айрим шахсларга қарши кураш, холос. Бу, шубҳасиз, баъзи ташкилотлар, хусусан, божхона устидан назорат ўрнатиш мақсадида бораётган курашдир. Эски клан вакиллари ишдан олинди ва янги клан вакиллари лавозимга тайинланди”, – деди Г.Сатторов.

Аксарият кузатувчилар фикрича, баъзи амалдорларнинг ишдан олиниши маҳаллий ҳокимиятлар ва муҳим ташкилотлар ўртасида ҳукуматга садоқатли иттифоқчилар топиш кампанияси бошланганидан далолат беради. Мақсад эса 2007 йилда ўтказиладиган парламент сайловида Кремль тарафдори бўлган “Ягона Россия” партияси яхши натижаларга эришишини таъминлашдан иборат.

Москвадаги Карнеги тадқиқот маркази таҳлилчиси Николай Петровнинг сўзларига кўра, Кремль расмийлари 2008 йилда ўтказиладиган президент сайловида Владимир Путиннинг ўрнини эгаллайдиган номзодга йўл очишга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG