Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:08

АҚШ аскарлари Ироқда тинч аҳоли вакилларини ўлдирганми?


ҚШ ҳарбийлари март ойида Ироқнинг Исоқия шаҳрида Америка аскарлари маҳаллий аҳоли вакилларидан 13 кишининг ўлдирилгани факти юзасидан ўтказилган текширувни якунлади.

Жума куни эълон қилинган текширув натижалари Америка аскарлари Исоқия шаҳрида ножўя хатти-ҳаракат қилмаганини кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, Ироқ полицияси Бағдоддан 100 километр шимолда жойлашган Исоқия шаҳрида март ойида 11 киши, жумладан, беш бола ўз уйида АҚШ аскарлари томонидан отиб ўлдирилганини иддао қилган эди.

АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал-майор Уилям Калдвеллнинг айтишича, Америка аскарлари “Ал-Қоида” аъзосини ҳибсга олмоқчи бўлганида хонадон ичидаги одамлар уларни ўққа тутган. Сўнг ҳарбийлар мададга авиация чақирган.

У.Калдвелл ҳаво ҳужуми оқибатида 13тагача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Аммо маҳаллий аҳоли АҚШ аскарлари 11 фуқаро, жумладан, аёллар ва болаларни ҳам отиб ўлдирганини иддао қилмоқда.

“Бу ишни ўрганаётган мутахассислар аввал маълум қилинган тўрт одамдан ташқари яна тўққиз фуқаро нобуд бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Уй томи ва деворлари қулаб тушгани учун воқеада қанча одам ўлганини аниқ айтиш қийин. АҚШ аскарлари тинч аҳолини қатл қилиб, сўнг бу жиноятни яшириш учун авиация чақиргани тўғрисидаги иддаолар бутунлай нотўғри”, – деди генерал.

Шу кунларда АҚШ ҳарбийлари Ҳадиса шаҳрида ироқлик 24 кишини, жумладан, аёллар ва болаларни қатл қилгани факти ҳам ўрганилмоқда.

Жума куни Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий АҚШ ҳарбийларидан Ҳадиса фожеаси бўйича ўтказилаётган текширув хулосасини талаб қилишини айтди.

АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд эса Сингапурга сафари чоғида “америкалик 99,9 фоиз аскар ўзини намунали тутиши”ни таъкидлади.

“Шу боис, текширув ўтказиляпти ва яқин фурсатда биз саволга жавоб топамиз. Воқеадан сўнг у ерда нима рўй бергани юзасидан текширув ўтказиляпти ва биз бу текширув жавобини ҳам оламиз. Мен денгиз пиёдаларимиз хатти-ҳаракати тўғри бўлган, деб ўйлайман”, – деди Д.Рамсфелд.

Оддий ироқликлар эса агар АҚШ ҳарбийлари оқланса, ҳайрон бўлмаслигини таъкидламоқда.

“АҚШ маъмурияти ўз қўшинларини жавобгарликка тортиб, уларни биз хоҳлагандек жазолайди, деб ўйлайсизми? Улар мавжуд қонунлар Америка аскарларига тааллуқли эмас, деб ҳисоблайди. Бу уларнинг қонунбузарликлар бўлишини олдиндан билганлигини англатади. Шунга қарамай, улар Америка аскарлари Ироқда суд қилинмаслигини, Ироқ қонунлари уларга тегишли эмаслигини таъкидламоқда. Агар улар Америка қонунлари бўйича судланса, жиноят учун ҳукм Ироқдагига қараганда анча юмшоқ бўлади”, – дейди бағдодлик Абу Аҳмад “Рейтер” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, Америка аскарлари тинч ироқликларни отиб ўлдиргани бўйича яна тўртта факт юзасидан текширув олиб борилмоқда. АҚШ ҳарбий прокурорлари Ироқнинг бир фуқароси ўлими бўйича етти ҳарбийни жавобгарликка тортиши кутилаётир. Саккизинчи ҳарбий ҳозир Калифорния штатида ҳибсда сақланмоқда. У 26 апрель куни Ироқнинг Ҳамадия шаҳрида бир ироқликни ўлдириб, уни жангариликда айблаш учун жасади ёнига Калашников автоматини қўйиб қўйганликда гумон қилиняпти.
XS
SM
MD
LG