Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати яна узайтириладими...ми?


1995 йилда ҳибсга олинган ва қамоқхонада туриб, жазо муддати қайта чўзилган қашқадарёлик таниқли мухолифатчи, “Эрк” демократик партияси вакили Мурод Жўраев бу гал ҳам озодликка чиқмаслиги борасида хавотирлар бор.

8 сентябрь куни М.Жўраевнинг қамоқда узайтирилган иккинчи жазо муддати тугайди. Бироқ озодликка чиқиш муддати яқинлашиб турганда, у яна Тошкент қамоқхонасига келтирилган. Кейин эса Олмалиқдаги қамоқхонага жўнатилган ва у ерда ҳам қарийб уч ой изоляторда сақланган. Шу кунларда унинг аҳволи жуда оғирлиги ҳақида хабар бермоқда маҳбуснинг рафиқаси Холбека Жўраева.

Дастлаб М.Жўраев ҳақида қисқача эслатиб ўтиш жоиз.

Унинг сиёсати фаолияти 1989 йили Қашқадарё вилояти Муборак шаҳри ҳокими бўлиш билан бошланган, дейиш мумкин. Шаҳарда унинг обрўси баланд эди ва кўпчилик уни ҳалол, юрт мустақиллиги, туб демократик ўзгаришлар тарафдори сифатида танир эди.

Шу боис, 1990 йилда у Олий Мажлис депутати бўлиб сайланган ва депутатлик мандатидан фойдаланиб, республика миқёсидаги йирик йиғилишларда мамлакат раҳбарияти номига қилган ошкор танқидий чиқишлар қилган. 1990 йилда ўша вақтдаги парламентнинг демократик қаноти ҳисобланган “Эрк” демократик партиясига аъзо бўлиб кирган.

М.Жўраев коррупция, мамлакатдаги сиёсий тузум борасида танқидий фикрлар билдиргани ва туб демократик ислоҳотлар тарафдори экани туфайли тез орада маҳаллий ҳамда республика амалдорлари тазйиқига учради. Муборак шаҳри ҳокимлигидан олинди, депутатлик мандати бекор қилинди ва кўп ўтмай 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шундан буён у қамоқда ва жазо муддати узайтирилмоқда.

2003 йилнинг 8 сентябрида у озодликка чиқиши керак эди, аммо “ашаддий тартиббузарлик”да айбланиб, жазо муддати яна уч йилга чўзилганди.

Ўша уч йил ҳам ўтиб, яна 8 сентябрь келяпти. Бироқ ҳам оила-аъзолари, ҳам сафдошлари ва ҳам ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларида у яна чиқармаслиги мумкин, деган хавотир бор.

Бу муддатни бутун оиласи билан интиқиб кутган Холбека Жўраева ўтган сафар озод этилиши керак бўлган санани – 2003 йил 8 сентябрни аниқ эслайди.

“Мен болаларимни олиб қамоқхонага бордим. Лекин ўша куни М.Жўраевни қўйиб юборманглар, деган мазмунда Тошкентдан телефон бўлибди. Бир кун аввалги сана билан, яъни 7 сентябрь куни жиноят иши қўзғатишиб, судлашибди ҳам. Бизга аввал соат учгача, кейин тўртгача кутинг, деб олиб ўтиришди. Охири, қамоқхона бошлиғи олдига кирсам, Тоштурмага олиб кетишди, жазо муддати узайди, дейди. Менга берган айбловига қарасам, олтита айб қўйишибди. Биринчиси, сабзи тўғрашга келмаган. Иккинчиси, пайпоқларини печка ёнига ёйган. Кейинги айби - этик кийиб, қурилишга борган. Тўртинчиси, ёстиқ остида лезвия борлиги, бешинчиси нималиги эсимдан чиқди. Аммо уйга келиб 221-моддани ўқиб кўрсам, бу модда билан жарима солиш керак экан. Аммо улар 3 йил бериб юборишди”, - деди Х.Жўраева.

Муштипар аёл ўн уч йиллик ҳодисаларни майда-чуйда деталларигача аниқ эслайди. 13 йил қамоқхонама-қамоқхона юрган аёл “бу ҳукумат учун одамни жиноятчига чиқариш, уни яна қамоқхона ичида йиллаб ушлаб туриш ҳеч нарса эмас экан”, деган хулосага келди.

“Ўзбекистонда беш йилга қамаб қўйиб ҳам, уни ичкаридан туриб чўзиб-чўзиб, 20 йил қилиш мумкин-ку! Олмалиққа келгандан кейин ҳам тўлиқ изоляторда сақлашибди. Фақат саккиз кун очиқликда бўлган. Аҳволи жуда оғир. Бурнининг мияга яқин қисмида қаттиқ шамоллаш бор, шекилли, йирингникига ўхшаган ёмон ҳид келяпти, деди. Жуда қаттиқ шамоллаган. Изоляторлари жуда зах бўлса керак. Менинг жазо муддатимни чўзиш учун яна ҳаракат бўляпти, деди. Ҳамма ҳужжат тайёр экан, энди суд бўлар экан, холос. Сен очиқдагиларга айтгин, мени ташлаб қўйишмасин! Булар мени қамоқхонада йўқ йилиб юборишмоқчи, шекилли, ҳаддан ортиқ қийнашяпти, деди. Аҳволи жуда оғир, бутунлай тамом бўлиб қолган”, - дейди Х.Жўраева.

Айни хавотир Мурод Жўраевнинг сафдошлари – “Эрк” демократик партияси вакилларида ҳам бор. Жумладан, Отаназар Орипов “Озодлик” радиосига шундай деди:

“Мурод Жўраев ҳозир иккинчи муддатни ўтаяпти. Аммо қамоқ жазосини учинчи муддатга чўзиш учун ҳамма тайёргарликлар кўриб бўлинган. Фақат суд қолди, холос. Шахсан мен қамоқхонадагиларнинг чўзилган жазо муддатининг бирортасига ишонмайман. Бирорта одамнинг турмада ўтириб, жиноят қилганига ишонмайман. Мутлақо бегуноҳ ўтирган одамни ҳам арзимаган баҳоналар билан айблаб, яна қамаб қўйиши мумкин”.

Улар М.Жўраевнинг тақдири билан қизиқиб, Олмалиқдаги 64/45 сонли қамоқхонага борганда, учрашувга ҳам қўйилмаган. Бунинг устига, М.Жўраевнинг аҳволи бўйича ҳеч қандай маълумот ҳам берилмаган.

13 йилдан бери М.Жўраевни кутаётган оила-аъзоларининг эса 8 сентябрь яқинлашган сари юраклари зириллайди. Унинг рафиқаси “Озодлик”ка гапириб, ҳозир оиласи жуда оғир аҳволда экани ва М.Жўраевнинг озод этилишига астойдил умид қилаётганини айтади.

“Ўзим тил ва адабиёт ўқитувчисиман. 30 йиллик стажим бор. Уч ўғлимдан бирортаси ишламайди. Қаерга борса, бу М.Жўраевнинг ўғли экан, ишга ололмаймиз, МХХ текширади, деб қўрқишади. Битта ўзим ишлайман, аҳволимиз жуда оғир. Бир ўғлимни ҳам отасиз кўмдим. Ҳозир энди нима дейишса, ҳаммасига розиман. Ҳар қанақа кафолат хатини ёзиб беришим мумкин, фақат озод этишса бўлди! Оиламиз жуда оғир аҳволда қолган!” - дейди Х.Жўраева.
XS
SM
MD
LG