Линклар

logo-print

Қора денгиз давлатлари раҳбарлари Бухарестда учрашди

  • Ҳасанжон

Қора денгиз соҳилида жойлашган давлатлар раҳбарларининг Бухарестда бошланган саммитида сиёсат ва энергетика соҳасида алоқаларни яхшилаш, наркотик моддалар ва қуроллар контрабандаси, шунингдек, одам савдосига қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўрилмоқда.

Саммитда Арманистон, Грузия, Молдова, Озарбойжон, Украина ҳамда Руминия президентлари билан бирга Болгария ва Туркия, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ва АҚШ, НАТО ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этяпти.

Учрашув мезбони Руминия президенти Траян Басеску ўз чиқишида қатнашчилар минтақада хавфсизлик таъминланмагани масаласини муҳокама қилишини айтди.

Руминия ташқи ишлар вазири Михай Разван Унгурену йиғилиш иштирокчиларини минтақанинг янги стратегиясини ишлаб чиқишга чақирди.

“Биз биргаликда Қора денгиз минтақаси ҳақидаги янги қарашни шакллантиришимиз керак. Бу қараш ҳозирги воқеликни акс эттириши ва минтақа ривожини таъминлаши керак”, –деди у.

Саммитда Марказий Осиёдан Европага янги нефть қувури ётқизиш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Учрашувда қатнашаётган АҚШ делегациясига президентнинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Жэк Дайер Крач бошчилик қилмоқда. Бухарест саммитида Россия президенти қатнашмади. Йиғилишда унинг вакили сифатида элчи Александр Толкач иштирок этди.

Руминия президенти Т.Басеску Россияни минтақада муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этишга чақирди.

“Руминия Қора денгиз минтақасидаги ҳамкорлик жараёни Россия иштирокисиз тўлиқ бўлмайди, деб ҳисоблайди. Россия ўзининг саховатли сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ресурсларини ҳисобга олиб, чақириғимизга жавоб беришига умид қиламиз”, – деди Руминия раҳбари.

Т.Басеску фикрича, анча вақтдан бери ўз ечимини топмай келаётган можаролар нафақат минтақа, балки бутун Европа хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Минтақадаги можаролар қуроллар контрабандаси ва одам савдосининг гуллаб-яшнашига қулай имконият яратади ва чегаралараро жиноятчилик авж олишига туртки бўлади.

Бухарест учрашувида энергетика соҳасида алоқаларни яхшилаш, тобора кучайиб бораётган наркотик моддалар ва қуроллар контрабандаси ҳамда одам савдосига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш стратегияси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Саммит доирасида президентлар ўзаро учрашувлар ўтказди. Ана шундай учрашувлардан бири 4 июнь куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон президенти Роберт Кочарян ўртасида бўлиб ўтган эди. Бўлажак музокара чоғида Тоғли Қорабоғ можароси муҳокама этилади. Алиев-Кочарян ўртасидаги музокаранинг 5 июнь куни ўтказилган иккинчи давраси натижасиз тугади.
XS
SM
MD
LG