Линклар

logo-print

Япония Марказий Осиёга интилмоқда

  • Барно Анвар

Токиода Япония ва Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари ўртасида учрашув бошланди. Учрашувда Афғонистон ташқи ишлар вазири кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Учрашувнинг бош мавзуи – ўзаро минтақавий ҳамкорлик муносабатларининг янги режасини тузиш. Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири террор ва гиёҳвандлик моддалари савдосининг кучайишига қарши кураш йўлида чегаралар назоратини яхшилашдир. Бундан ташқари, яна бир қанча масалалар муҳокама этилиши кўзланган.

“Марказий Осиё мамлакатлари дунёнинг йирик сиёсий кучларини қизиқтириши мумкин бўлган барча имкониятга эга. Жумладан, турли қазилма бойликлар, нефть, газ, уран рудаси. Аммо биз империализм даврида яшаётганимиз йўқ. Шу боис, Марказий Осиё давлатлари ташқи мамлакатлар манфаати ёки қудратига қарам бўлиб қолиши, натижада 11 сентябрь воқеаларидан сўнг янгича тус олган катта ўйинлар қурбони бўлишига йўл қўя олмаймиз. Шу сабабли Япония Марказий Осиёнинг ўзини ўзи тиклаётган давлатлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида”, - деди Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо учрашувда.

Шу тариқа Япония Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш ташаббусини билдирди ва учрашувдан олинган дастлабки маълумотларга кўра, иштирокчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Маълум бўлишича, учрашувда гиёҳвандлик моддалари савдоси ва камбағалликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик режаси қабул қилинган. Шунингдек, Япония томони Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократик ислоҳотлар юритиш, бозор иқтисоди соҳасида ҳамкорлик ҳамда сиёсий мулоқот таклифини билдирган, бу ҳам иштирокчилар томонидан қувватланган. Учрашувда қатнашаётган томонлар ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга ҳам келишиб олган.

Расмий Токио таклиф қилган режага кўра, Япония ўз сиёсий ҳамда иқтисодий манфаатларига мувофиқ, Ўрта Осиё ва Афғонистонни ўзаро боғлаш режасининг бир қисмини амалга оширишга тайёр. Бунинг учун энг муҳим бўлган нефть ва табиий газ етказишни енгиллатиш мақсадида йўллар тизимини таъмирлаш учун, биринчи бўлиб, Тожикистонга ёрдам беради.

Эслатиш мумкин, бу айни даражада ўтаётган иккинчи учрашув. Биринчиси, 2004 йилнинг августида Қозоғистонда бўлган ва унда Туркманистон ташқи ишлар вазири ҳам қатнашган эди. Ўша вақтда қатнашчилар террорга қарши кураш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олган.

Кембриж университетига қарашди Шарқий Осиё тадқиқотлари институтининг Японияга оид замонавий тадқиқотлар бўйича мутахассиси Жон Свенсон-Райт фикрича, Япония узоқ вақтдан буён минтақага, айниқса, Афғонистонга интилиб келади.

“1990 йиллардан буён Япония минатақада воситачиликка даъвогарлик қилади. Япония ҳукумати Афғонистонда барқарорликни ўрнатиш учун халқаро коалиция кучларини тўплашда жуда муҳим рол ўйнаган. Бу кейинчалик Афғонистонга молиявий ёрдам йўналтиришда ҳам катта аҳамиятга эга бўлган. Бу минтақа, назаримда, Япониянинг Ғарб ва Осиёга нисбатан муносабатларини мувофиқлаштириб олиши учун қулай нуқта”, - дейди тадқиқотчи.

Айни вақтда Япониянинг Марказий Осиёга интилиши сабаби муайян геосиёсий муаммолар билан боғлиқ, дейди ўз фикрини давом эттириб эксперт.

“Бу минтақада асосий ўйинчи сифатида Хитойнинг пайдо бўлиши Япониянинг ҳудуддаги таъсир доираси торайишига олиб келиши мумкин. Япония шундан хавотирда ва бир вақтнинг ўзида бу Японияни рақобатга ҳам чорлайди. Тахминимча, Япониянинг ташқи сиёсат борасидаги янги қадамлари Токионинг Марказий Осиёдаги позициясига жиддий қарашга ишора ва бу ерда унинг ҳам ўз манфаатлари борлигини яна бир карра таъкидлашдир”, - деди Ж.Свенсон-Райт.

Унинг таъкидлашича, Япониянинг минтақага интилишига асосий сабаб Марказий Осиёнинг энергетик имкониятларига бўлган қизиқишдир.

Табиий, Марказий Осиёда таъсир доираси тобора мустаҳкамлашиб бораётган Россия ва Хитой бу ўринда Японияга имкон берармикан, деган савол туғилади. Зеро, айнан Москва ва Пекин минтақа ҳукуматларининг бошини қовуштирган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти ортида турган асосий куч саналади. Россия ва Хитой айни шу ташкилот орқали Марказий Осиё давлатларини АҚШдан айириб олиш мақсадини сир ҳам тутаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG