Линклар

“Россия ўзбеклар учун хавфсиз мамлакат бўлмай қолди”

  • Барно Анвар

Россия Федерал миграция хизматининг Нижний Новгород вилояти бошқармаси ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Баҳром Дадажоновнинг бошпана сўраб қилган мурожаатини рад этди.

Вилоятнинг Арзамас шаҳрида яшаётган Б.Дадажонов “Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси ва у ҳамда рафиқаси БМТ қочқинлар идораси томонидан халқаро ҳимояга муҳтож, деб тан олинган.

Шунга қарамай, Россия унга бошпана бермади. Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳозир уни оиласи билан Ўзбекистонга депортация қилиш ҳаракати кетаётганидан хавотир билдирмоқда.

Бироқ, энг муҳими, Б.Дадажонов ва унинг оиласи мунтазам равишда Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таъқиб қилинган ҳамда такрор ва такрор сўроққа тутилган.

24 май куни Б.Дадажоновнинг Арзамас шаҳридан ижарага олган хонадонига Россия хавфсизлик хизматининг уч ходими кириб борган. Ҳеч бир огоҳлантиришсиз ташриф эгалари Б.Дадажоновни рафиқаси ва 3 ёшли боласи бирга Федерал миграция хизмати бошқармасига олиб кетган. У ерда эса Баҳром Дадажоновдан: “Украинага нега бордингиз, Киевдаги тоғангиз Исмол Дадажонов нима иш қилади, Украиндаги “зарғалдоқ”чиларга нима алоқангиз бор?” каби саволларга жавоб талаб қилинган.

Б.Дадажонов бундан аввал ҳам бир неча бор баённомасиз шу тариқа сўроққа тутилган.

Уларнинг навбатдагисидан сўнг Б.Дадажоновнинг БМТ қочқинлар идорасининг Москвадаги бўлими томонидан берилган гувоҳномаси ҳамда рафиқаси Ҳусниданинг паспорти олиб қўйилган.

Кейин эса хавфсизлик ходимлари Дадажоновларни судга олиб борган ва суд ўша куниёқ уларни вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган, деган баҳонада мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган.


Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий муҳожирларга ёрдам дастури раҳбари Елена Рябинина бу қарор ҳам халқаро, ҳам Россияда амал қилиб турган қонунчиликка мутлақо зид эканини билдирди.

“Аризани рад этишга асос бўлувчи ҳуқуқий норманинг ўзи йўқ. Буни кеча мурожаат қилганим Россия Федерал миграция хизмати ходимининг ўзи ҳам тасдиқлади. Шунга қарамай, миграция хизмати ҳудудий бўлими қонунни қўпол равишда бузиб, Дадажоновларнинг аризасини рад этяпти. Муҳими, бу ҳақда ёзма жавоб бергани йўқ. Агар ёзма жавоб бўлганда эди, унинг устидан қонуний тартибда шикоят қилиш мумкин бўларди”, - дейди Е.Рябинина.

Россияда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг таъкидлашича, ўзбек мухолифатига алоқаси бўлган ва ҳозир Россияда жон сақлаётганларнинг ҳаёти тобора хавф остида қолмоқда.

“Баҳром Дадажонов ҳаёти эса аниқ хавф остида, чунки у юртига депортация қилинадиган бўлса, ўзи ва қариндоши – “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раҳбарларидан бири Исмоил Дадажоновнинг фаолияти учун ҳам айбдорга чиқиб, зулм остида қолиши мумкин”, - дейди Б.Ҳамроев.

Бу фикрга Е.Рябинина ҳам қўшилди. Унинг айтишича, Россия хавфсизлик хизмати ходимларининг мақсади аниқ – Ўзбекистондан келиб, сиёсий бошпана сўраган мухолифатчиларни тезлик билан Каримов ҳукуматига топшириш.

“Федерал хавфсизлик хизмати ходимларининг уй қамоғи ҳақида Дадажоновларга берган оғзаки баёноти мутлақо мантиққа тўғри келмайди. Бу уларнинг ваколатига кирмайди. Қолаверса, Дадажоновлардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, хусусан, БМТ қочқинлар идорасининг хусусий мулки бўлган гувоҳноманинг олиб қўйилиши ҳам мутлақо ноқонуний ҳаракат. Бироқ бу ҳақдаги мурожаатимизга ФХХ умуман жавоб бераётгани йўқ. Ҳозир имкон қадар одамларни хабардор қилиш керакки, энди Россия ўзбеклар учун хавфсиз мамлакат бўлмай қолди”, - деди Е.Рябинина.
XS
SM
MD
LG