Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:35

Пишиқчилик мавсуми “сабзавот можароси”ни ечадими?


Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги “сабзавот можароси” ниҳоялангандек кўринади. Шу ҳафтада Ўзбекистондан Қозоғистонга сабзавот ортилган машиналар карвони яна кела бошлади.

Жанубий Қозоғистон божхона назорати департаменти маълумотига кўра, дастлаб “Қоплонбек” чегара пости орқали сабзавот маҳсулотлари ортилган 17 та “Камаз” автомобили Ўзбекистондан Қозоғистоннинг Остона ва Қарағанда шаҳарларига йўл олди.

Куни-кеча қарағандаликлар Ўзбекистондан йўлга чиққан “яшил карвон”ни шоду хуррамлик билан қарши олди. Тўртта “Камаз”га ортилган 130 тонна сабзавот маҳсулотларининг баҳоси маҳаллий бозорлардаги мавжуд нархлардан 10-15 фоиз арзон бўлиши маълум қилинди.

Сўнгги икки ой давомида қозоғистонликлар Ўзбекистондан сабзавот маҳсулотлари келмай қолгани туфайли нарх-навонинг кўтарилишидан азият чекиб келди. Ўзбекистон томони бу чекловни маҳаллий бозорларда сабзавот маҳсулотлари етишмовчилиги билан изоҳлаган эди.

Энди эса Ўзбекистонда пишиқчилик мавсуми бошлангани бу муаммони ечган кўринади.

Қараганда вилояти ҳокимлигининг билдиришича, айни пайтда юк автомобилларида келтирилаётган сабзавот маҳсулотлари кейинчалик темир йўллар орқали вагонлаб ташилади.

Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги “Агроконсалтинг” фирмаси воситачилигида сабзавот маҳсулотлари келтириш учун Ўзбекистон томони билан шартнома имзолаган.

Жанубий Қозоғистон божхона назорати департаменти айни пайтда Ўзбекистон билан чегара ҳудудларидаги “Ипак йўли”, “Қоплонбек” ва “Қазиғурт” постлари орқали сабзавот маҳсулотларини ўтказиш йўлга қўйилганини маълум қилди.

Чимкент бозорларида сабзавотлар савдоси билан шуғулланувчи савдогарлар эса икки ой давомидаги муаммолари ҳали ҳам ўз ечимини топмаётганидан арз қилмоқда.

“Бу (сабзавот маҳсулотларини ташкилий равишда келтириш) бировнинг кабинетда ўтириб ўйлаб топган иши. Илгари ҳам шундай тартиб жорий этилганди. Лекин ўзини оқламаганди. Ҳар ким ўзи хоҳлаган транспорт билан маҳсулот ташиши керак. Кимнингдир 100 килограммга, бошқанинг эса бир тоннага кучи етади. “Камаз”да олиб келиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ҳозир ўзбекистонлик минглаб деҳқонлар килограммлаб олиб келиб, Чимкент халқини тўйдиряпти. Янги тартиб бўйича эса деҳқон маҳсулотини олиб кела олмайди. Натижада нарх-наво кўтарилиб кетади”, - дейди савдогарлар.

Жанубий Қозоғистон бозорларида мева ва сабзавотлар савдоси билан шуғулланаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам янги жорий этилган тартибдан хурсанд эмас.

“Агар янги тартиб бўйича фақат “Камаз”ларда сабзавот ташиладиган бўлса, ўзбекистонлик деҳқонларга қийин бўлади. Бу тартиб олибсотарларга фойда келтиради. Улар деҳқонлардан арзимаган пулга сотиб олади. Деҳқоннинг ўзи эса олиб келиб сота олмайди”, - дейди тошкентлик савдогар аёл.

Маълум бўлишича, чимкентлик тадбиркорлар ҳали ҳам сабзавот маҳсулотларини айланма йўллар орқали ўтказмоқда. Буни ҳам барча эплай олмаяпти.

5 июнь куни кечаси Сариоғоч туманида сабзавот маҳсулотлари ортилган битта “Камаз” ва 9 та "ГАЗель” автомобилини айланма йўллар орқали чегарадан олиб ўтишга ҳаракат қилган бир гуруҳ қозоғистонлик ушланди.

Бундан кўринади, “сабзавот можаро”си ҳали ҳам давом этаётир.
XS
SM
MD
LG