Линклар

logo-print

Ҳ.Солана Эронга янги таклифлар билан келди

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Эроннинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига иқтисодий манфаатли ҳамкорлик таклифларини Теҳрон расмийларига топширди.

Бу таклифлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирларининг ўтган ҳафта Вена шаҳридаги учрашувида ишлаб чиқилган эди.

Ҳ.Солана Эрон раҳбарларига тақдим этган ҳужжат мазмуни ҳозирча ошкор этилгани йўқ. Айрим хабарларга кўра, ҳужжатда Эронга енгил сувда ишлайдиган камида битта атом реактори, савдо соҳасида шартномалар, замонавий техника, шунингдек, “Аэробус” ёки “Боинг” йўловчи самолётлари сотиб олиш таклиф қилинмоқда.

Эроннинг ядровий дастур бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний Ҳ.Солана билан икки соатлик учрашувдан сўнг: “Биз конструктив мулоқот ўтказдик. Олти давлат вакиллари томонидан ишлаб чиқилган таклифлар тақдим этилди. Мазкур таклифлар орасида, бизнинг назаримизда, бир қанча ижобий фикрлар бор. Аммо таклифлар орасида икки маъноли сўзлар ҳам борки, улар олиб ташланиши керак”, – деди.

Ҳ.Солана Теҳронга келгани заҳоти Ғарб давлатлари Эрон билан ўзаро ишонч ва тенглик асосида янги алоқалар ўрнатиш ниятида эканини айтди.

“Биз олиб келган таклифлар, бизнингча, ўзаро ишонч, ҳурмат ва тенглик асосида музокара олиб боришимизга имконият яратади”, – дея баёнот берди Ҳ.Солана.

Агар Теҳрон расмийлари халқаро ҳамжамият таклифини қабул қилмаса, БМТ Хавфсизлик кенгашида Эронга нисбатан қандай жазо чоралари қўллаш масаласи муҳокама этилади.

Эрон томони расмий таклифни оғир-босиқлик билан қабул қилди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Эрон раҳбарлари бу таклифга турлича муносабат билдирмоқда. Бу эса таклифни қабул қилиш ёки рад этиш борасида раҳбарият орасида келишмовчилик борлигидан далолат бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, 5 июнь куни Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий журналистлар билан учрашув пайтида муаммо ижобий ҳал бўлишига умид билдирган эди.

“Агар Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳронга сиёсий тус бермасдан, уни ҳал этишга сиёсий ирода бўлса, мен бу борада келишувга эришилишига ишонаман”, – деди М.Муттақий.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ҳам одатдагидан анча юмшоқ гапириб, таклифлар пухта ўрганиб чиқилишини, аммо Эрон ўзининг уранни бойитиш ҳуқуқидан ҳеч қачон воз кечмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG