Линклар

Жоди Миллер Алишер Таксанов ҳимоясига отланди

  • Озодлик

Миналарни таъқиқлаш бўйича халқаро кампания ташаббускори Жоди Миллер ташкилотнинг Ўзбекистондаги мустақил тадқиқотчиси Алишер Таксанов тақдирини диққат билан кузатиб бораëтганини маълум қилди.

1997 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган кампания муаллифлари А.Таксановнинг ташкилот томонидан яқинда уюштирилган тадбирга кела олмагани ва унинг доимий кузатувда эканидан жиддий хавотир билдириб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевга мактуб йўллади.

Миналарни таъқиқлаш бўйича халқаро кампания миналардан фойдаланишни тақиқлаш йўлида халқаро миқёсда олиб борган кўп йиллик саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, 1997 йилда Канадада “Оттава конвенцияси” қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат пиёдаларга қарши ишлатиладиган миналарнинг барча турларидан фойдаланишни тақиқлаган.

“Оттава конвенцияси”га дунёнинг 150 давлати имзо чеккан, лекин Ўзбекистон ҳукумати уни имзоламаган. Кампания ташаббускори Жоди Миллер Ўзбекистоннинг нафақат ушбу халқаро ҳужжатга қўл қўймагани, боз устига, чегара ҳудудларида қўшни республикалар ва ўз фуқароларига қарши миналардан фаол фойдаланаëтгани, қолаверса, ушбу ҳаракатлар хавфсизлик мақсадларида амалга оширилаётганини иддао қилиб келаëтганини таъкидлайди.

Ж.Миллер хонимнинг айтишича, бу камлик қилганидек, расмий Тошкент Ўзбекистонда миналар билан боғлиқ вазият, тинч аҳолининг миналар қурбонига айланаëтгани ҳақида Интернетга мақолалар ëзиб турувчи мустақил журналист Алишер Таксановни таъқиб эта бошлаган.

Ж.Миллернинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Э.Ғаниевга мурожжатида сўнгги бир неча ой ичида А.Таксанов ҳукуматнинг қаттиқ босими остидалигидан хавотир билдирилишдан ташқари, журналистнинг мамлакатдан чиқиш визаси билан боғлиқ муаммосини тез орада ҳал қилиш ҳам сўралган.

Мактубда ёзилишича, кампания жорий йилнинг ўзида 10 дан ортиқ анжуман ўтказишни режалаштирган ва уларда А.Таксановнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.


“Озодлик” мухбири А.Таксановнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашди. У сўнгги пайтларда назорат остида экани туфайли уйидан чиқмаëтганини айтди.

“Биласизми, кузатувлар шу йилнинг март ойида менга ҳеч қандай асоссиз чет элга чиқиш визаси берилмаганидан сўнг бошланди. Кейинчалик мен барча ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилдим, аммо шунча ҳаракатлар самара бермади. Ҳеч ким нима учун менга чет элга чиқиш визаси берилмаганини тушунтириб ҳам бера олмади”, - дейди журналист.

А.Таксанов доимий назорат остига олингани, маъмурлар у ҳақда дўстлари ва қўни-қўшниларидан ҳам сўраб-суриштираётганини билдирди.

“Доимий равишда қўшниларим, маҳалла қўмитаси аъзолари, дўстларим, танишларимдан мен ҳақимда сўрай бошлашди. Уйимга гўëки шаҳар ҳокимлиги ходимлари сифатида келиб, онам ва оила аъзоларимдан мен ҳақимда маълумотлар сўрашган. Тушуна олмайман, бунинг нима кераги бор экан? Бундан ташқари, дўстларимга таҳдид қилишган, Интернетда мен ҳақимда турли иғволар ëзилмоқда”, - дейди А.Таксанов.

Журналист унинг банкдаги ҳисоб рақамлари, банк операциялари ҳақидаги маълумот солиқ инспекциясига топширилгани ва бу ишлар махсус хизмат ходимлари томонидан қилинган бўлиши мумкинлигини билдирди. Яъни унинг айтишича, уни бирор жиноят содир этишда айблаш учун маълумотлар тўпланаëтган бўлиши мумкин.

А.Таксанов ўзининг таъқиб қилинаётгани сабаблари ҳақида гапириб: “Гап шундаки, мен ҳукумат ҳеч қачон, ҳеч қаерда тилга олмайдиган ўткир мавзу - пиëдаларга қарши миналар муаммосини кўтараман. Ўзбекистон ҳукуматининг пиëдаларга қарши миналар қўллаши ҳақида икки йилдан бери материаллар тайëрлайман. Мен ҳеч бўлмаса, Интернет орқали бу муаммони ëритаëтган ўзбекистонлик ягона журналистман”, - деди.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда Интернетда А.Таксанов ҳақида ëзилаëтган мақолаларни журналистнинг ўзи уюштирганини иддао қилувчилар ҳам бор.

А.Таксановни яхши танийдиган, ҳозир эса Европа давлатларидан бирида яшаëтган мустақил журналист Тўлқин Қораев А.Таксанов ўзи ҳақида юрган иғволарни ўзи уюштирганига ишонмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG