Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:48

ШҲТ: Шубҳа ва гумонларга асос борми?


15 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йиллик саммити бўлиб ўтади. Ташкилотнинг 10 йиллигида ўтадиган ушбу тадбирда аъзо давлатлар раҳбарларидан ташқари кузатувчи мақомидаги мамлакатлар етакчилари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Жумладан, ШҲТ саммитида кузатувчи мақомидаги Эроннинг президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ҳам қатнашиши режалаштирилган. Бундан бир неча ой илгари Теҳрон ҳукумати ШҲТга аъзо бўлиши эҳтимоллари ҳақида гапирган эди.

Йиллик саммитда М.Аҳмадийнажотнинг ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари билан ҳам икки томонлама музокаралар ўтказиши кутилмоқда. Бу эса Теҳрон билан унинг ядровий дастури борасида келиша олмаётган Ғарб сиёсатчиларининг ШҲТга нисбатан шубҳа ва эҳтиёткорликларига сабаб бўляпти. Хўш, Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши эҳтимоли қанчалик реал ва Ғарбнинг бу борадаги ташвишларига асос борми?

Шу ўринда ШҲТ тарихига бир назар ташласак. Дастлаб “Шанхай бешлиги” номини олган бу ташкилотга Россия, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо эди. Тузилма ШҲТ номини олган 2001 йилда унга Ўзбекистон ҳам қўшилди.

ШҲТ кейинги бир-бир ярим йил ичида анчайин фаоллашиб қолди ва шу пайтгача Ғарб сиёсатчилари томонидан унчалик жиддий қабул қилинмаган бу ташкилотга нисбатан эътиборнинг, аниқроқ айтганда, шубҳа ва эҳтиёткорликнинг ошгани сезилиб қолди.

Бунга Эроннинг ШҲТга аъзолик эҳтимоллари ҳақидаги гап-сўзларнинг пайдо бўлиши ҳам ўзига хос туртки бўлди, дейиш мумкин. Шанхай саммитида Эрон раҳбари М.Аҳмадийнажотнинг шахсан иштирок этиши кутилаётгани ҳам бу шубҳаларни янада кучайтириш билан айрим Ғарб сиёсатчиларининг ташвиш ва таажжубларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Сингапурда бўлиб ўтган хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда Эронни ШҲТга жалб қилиш ташкилотнинг мақсадларига зид эканини таъкидлади.

“Эрон жаҳонда террорчиликни қўллаб-қувватловчи етакчи давлат экани ҳаммага маълум. У ХАМАС, “Ҳизбаллоҳ” каби ташкилотларни қўллаб-қувватлайди. Эроннинг кўп йиллардан бери террорчилик фаолиятига алоқадорлиги ҳам маълум. Бу давлатни аскилтеррор курашга ҳисса қўшади, деб ШҲТдек тузилмага жалб этиш мен учун таажжубли ҳолдир”, - деди Д.Рамсфелд.

Унинг бу баёнотига жавобан ШҲТ раиси Жанг Дегуанг “учинчи давлатларнинг ташкилотга кузатувчилик қилаётган мамлакатни террорчилик ҳомийси, деб аташи қабул қилиб бўлмайдиган ҳол” эканини билдирди. Ж.Дегуанг “Эроннинг террорчиликка алоқаси бўлганда у ташкилотга кузатувчи сифатида таклиф қилинмаган бўлиши”ни ҳам қўшимча қилди.

Кузатувчилар Теҳроннинг ШҲТга аъзо бўла олиш имкониятларини шубҳа остига олмоқда.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг мудофаа масалари бўйича таҳлил маркази раҳбари Кристофер Лэнгтон Эроннинг ядровий дастури жаҳон ҳамжамиятини қониқтирувчи натижа билан якунланмагунича Теҳроннинг ШҲТга аъзо бўлиши эҳтимолдан йироқлигини тахмин қилди.

“Эрон ШҲТга аъзо бўла олиши жуда қийин. Албатта, Эроннинг бу ташкилотда кузатувчилик мақоми бор. Лекин ташкилотнинг асосий аъзолари бўлмиш Россия ва Хитой билан Эрон ўртасида келишмовчилик борлигини ҳам унутмаслик керак. Айтмоқчиманки, Россия ва Хитой Европа Иттифоқи учлиги ҳамда АҚШ билан биргаликда БМТ Хафсизлик кенгаши доирасида Теҳроннинг ядровий амбицияларига қарши чиқмоқда”, - дейди полковник К.Лэнгтон.

Россиялик таҳлилчи Виталий Портников эса ШҲТга Эронни қабул қилиб олиш эвазига Россия ўзининг “катта саккизлик”даги ҳамкорлари билан муносабатларини қурбон қилишни истамаслиги таъкидлайди.

“Ҳозирча Эроннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиши учун шароитларни кўрмаяпман. Чунки бу Россия учун муаммолар туғдириши мумкин. Зеро, Россия бир оёғи билан АҚШ иштирокидаги “катта саккизлик”да туриб, иккинчи оёғи билан эса Эрон аъзо бўлиши мумкин бўлган ШҲТда бўла олмайди. Бу билан у жаҳон ҳамжамияти ташвишига сабаб бўлаётган Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритишини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаган бўлади”, - дейди В.Портников.

Айрим кузатувчилар Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиш нияти Пекин ва Москванинг манфаатларига жуда мос келишини назардан қочираётгани йўқ. Хитой ва Россия АҚШнинг Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги таъсирини камайтиришни истайди. Агар Эрон ШҲТга аъзо бўлса, АҚШнинг бу минтақалардаги таъсири янада ошишининг олдини олиш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкин. Шу маънода, Теҳроннинг тўлақонли аъзолиги тузилмани ўзига хос “шарқий НАТО”га айлантириши мумкинлиги айтилмоқда.

Лондонлик ҳарбий таҳлилчи К.Лэнгтон вазиятнинг бундай ривожланиши мумкинлигини инкор этади.

“ШҲТ ҳозирги кўринишида ҳарбий тузилма эмас. Бу ташкилотнинг кун тартибида турган масалалар Марказий Осиё давлатлари чегаралари хавфсизлиги, жиноят, террорчилик ва наркотиклар каби давлатлараро масалалардан иборат. Ҳозирча у НАТО каби ҳарбийлашмаган. Бундан ташқари, ШҲТ ва НАТО ўртасидаги муносабатларга рақиблик сифатида қараш ҳам, менимча, нотўғри бўлади. Чунки икки ташкилотнинг рақибликдан кўра ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўпроқдир. Масалан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини ҳарбий тузилма, деб атаса бўлади. Шуни айтишим керакки, бу ташкилот ҳам худди НАТОдек халқаро муаммоларни ҳал этишда фойдаси тегиши мумкин. Бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан, менимча, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва НАТО ўртасида, албатта, ШҲТ ёрдамида, халқаро хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш пайти келган”, - деди К.Лэнгтон.

Илгари ШҲТни жиддий қабул қилмай келган Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ташкилотнинг ўтган йилги Остона саммитидаги келишувлардан кейин бироз ҳушёр тортди. Тузилманинг 2005 йил 5 июлдаги Остона саммитида АҚШдан Марказий Осиёдан ўз ҳарбий базаларини олиб чиқиш муддатини аниқлаштириш талаб этилганди.

Шундан кейин бир ҳафта ўтиб-ўтмай, Андижон фожеалари хусусида Вашингтоннинг танқидларидан хафа бўлиб юрган Тошкент Пентагондан Хонободдаги ҳарбий базани бўшатиб қўйишни расман талаб қилди.

Бишкек эса Ганси ҳаво базаси учун Вашингтон шу пайтгача тўлаб келаётган ижара ҳақининг юз баробар оширилишини талаб қила бошлади. Бу борадаги музокаралар ҳамон давом этмоқда.

Россиялик мустақил таҳлилчи Виталий Портников ШҲТ Американинг минтақадаги режаларига бироз путур етказишга муваффақ бўлаётган бўлса-да, Вашингтоннинг бу борада жуда ҳам ташвишланишига сабаб йўқлигини айтади.

“Менимча, ШҲТнинг аҳамиятини жуда ҳам ошириб юбормаслик керак. Ҳақиқатан ҳам Вашингтон ШҲТ борасида ташвишланмоқда, лекин бу тузилмага аъзо давлатлар орасида жаҳондаги барқарорликдан манфаатдор ва ички бозори АҚШ билан муносабатларга боғлиқ бўлган Хитойнинг, энергия воситаларини, асосан, Ғарбга сотаётган Россиянинг борлиги эътиборга олинса, ташкилотнинг манфаатлари АҚШ манфаатларига зид бўлиши мантиқсиз бўлиб қолади. Иккинчидан, ШҲТга тараққиёти таназзулга учраган мамлакатларнинг ва Ўзбекистон каби ташқи сиёсатини доимо ўзгартириб турадиган давлатлар аъзолигини эътиборга олсак, яқин келажакда ШҲТ ҳамманинг эсидан чиққан ва мутлақ ишламайдиган кўплаб бошқа халқаро тузилмалар қаторидан жой олиши муқаррардир”, - деди В.Портиков.
XS
SM
MD
LG