Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:25

Янги таклифлар янги умидларга йўл очди


Европа Иттифоқининг Эронга уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига иқтисодий манфаатли ҳамкорлик таклифлари расмий Теҳроннинг эҳтиёткорана олқишларига сазовор бўлди.

Бу таклифлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирларининг ўтган ҳафта Вена шаҳридаги учрашувида ишлаб чиқилган эди. ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана 6 июнь куни бу таклифларни Эронга тақдим этди.

Шундан сўнг Эроннинг ядровий дастур бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний таклифларда ижобий фикрлар борлигини, аммо икки маъноли сўзлар олиб ташланиши кераклигини айтди. Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий ҳам тақдим этилган таклифлар пухта ўрганиб чиқилишини билдирди.

Ўз навбатида, Америка расмийлари ҳам аввалгига нисбатан юмшоқроқ оҳангда гапира бошлади. АҚШ президенти Жорж Буш Эроннинг таклифларга дастлабки муносабатини ижобий баҳолади.

“Менимча, бу ижобий муносабат. Мен бу масалани Эрон билан дипломатик йўллар орқали ҳал этишни хоҳлайман. Мен бу муаммо ўз ечимини топиши борасида саъй-ҳаракат қилаётган Америка, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия вакиллари ишлаб чиққан таклифларни Теҳрон расмийларига тақдим этган Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Соланага миннатдорлик билдираман”, – деди АҚШ раҳбари.

Тақдим этилган таклифлар мазмуни ҳозирча ошкор этилгани йўқ. Айрим хабарларга кўра, ҳужжатда Эронга енгил сувда ишлайдиган атом реактори қуришда ёрдам бериш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда кўмаклашиш, замонавий техника ва савдо соҳасида шартномалар имзолаш таклиф қилинган.

“Вашингтон пост” газетасининг ёзишича, тақдим этилган таклифлардан бирида Эронга ўз ҳудудида уранни тинч мақсадда фойдаланиладиган даражада тўйинтиришига рухсат этилади. Илгари Ғарб давлатлари Эрондан уранни бойитиш ишларини буткул тўхтатишни талаб қилган эди. Газетанинг номи ошкор этилмаган расмийга асосланиб билдиришича, Эрон уранни бироз тўйинтириш бўйича ишларини Атом энергияси халқаро агентлиги ва БМТ Хавфсизлик кенгаши қоидаларига мувофиқ амалга ошириши керак бўлади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак Эронга тақдим этилган таклифлар мазмуни ҳақида маълумот беришни рад этиб, журналистларни тасдиқланмаган хабарларга эътибор қаратмасликка чақирди.

АҚШ Европа Иттифоқи номидан Эрон билан сўзлашув олиб бораётган Буюк Британия, Германия ва Франция билан бирга ўтказилаётган музокара жараёнида бевосита қатнашишга розилик билдирди.

“Эронликлар таклифимизни қанчалар жиддий қабул қилишини кўрамиз. Қайси йўлни танлаш улар ихтиёрида. Агар улар уранни бойитиш ишларини тўхтатишга рози бўлса, мен АҚШ бевосита музокара жараёнига қўшилишини маълум қилганман”, – деди президент Жорж Буш.

Кузатувчилар фикрича, Вашингтон расмийлари билан ҳамкорлар сифатида музокара даврасида юзма-юз ўтириш Эроннинг мақомини юқори кўтаради. Шунингдек, бу Теҳрон расмийларининг тақдим этилган таклифда кўрсатилган манфаатли иқтисодий ҳамкорлик ва бошқа чекловларни қабул қилишини осонлаштириши мумкин.

Ҳозир АҚШ Эрон томони ойлар ичида эмас, балки ҳафталар ичида жавоб беришига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG