Линклар

Ироқдаги “энг қиммат террорчи” йўқ қилинди

  • Ҳасанжон

“Ал-Қоида”нинг Ироқдаги террорчилик гуруҳи раҳбари Абу Мусаб аз-Зарқавий АҚШ ҳарбийлари амалга оширган махсус операция натижасида йўқ қилингани маълум қилинди.

Бағдодда шошилинч ўтказилган матбуот анжуманида Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий бу хабарни тасдиқлади.

АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси эса Зарқавий авиация зарбаси натижасида ўлдирилганини билдирди.

“Коалиция кучлари “Ал-Қоида”нинг террорчи раҳбари Абу Мусаб ал-Зарқавий ва унинг яқин маслакдоши шайх Абдул Раҳмонни кеча, 7 июнь куни маҳаллий вақт билан кеч соат 18:15 да ўлдирди. Улар жойлашган уйга ҳаводан зарба берилди”, – деди АҚШ генерали.

“Ал-Қоида”нинг Ироқдаги раҳбари ўлдирилгани ҳақидаги хабар яшин тезлигида дунёга тарқалди ва бу борада турли муносабатлар янграй бошлади.

8 июнь куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ президенти Жорж Буш Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўлдирилиши “адолатли” эканини таъкидлади.

“Зарқавий йўқ қилинди. Аммо Ироқда оғир ва мураккаб миссияни амалга ошириш давом этади. Биз террорчи ва исёнчилар усиз ҳам зўравонликлар қилаверади, мазҳаблараро зўравонлик яна давом этади, деб ўйлаймиз. Аммо террор ғояси ўзининг кўзга кўринган ёвуз раҳбарларидан бирини йўқотди. Зарқавийнинг ўлими “Ал-Қоида”га берилган қақшатқич зарбадир”, – деди АҚШ раҳбари.

АҚШнинг энг яқин иттифоқчиси, Буюк Британия бош вазири Тони Блэр эса “ал-Зарқавийнинг ўлдирилиши нафақат Ироқдаги, балки бутун дунёдаги “Ал-Қоида”га берилган зарба” эканини таъкидлади.

Австралия бош вазири Жон Ҳовард, НАТО матбуот вакили Жеймс Аппатурай, Покистон ташқи ишлар вазири матбуот вакили Тасним Аслам қаторида Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ҳам Зарқавийнинг ўлдирилиши “терроризмга қарши берилган кучли зарба” эканини айтди.

Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари Катсутоши Канеда Зарқавий ўлимидан кейин Ироқда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланишига умид билдирди.

Келиб чиқиши иорданиялик бўлган аз-Зарқавий Ироқда рўй бераётган портлашлар ва мазҳаблараро зўравонликлар ташкилотчиси экани айтиб келинаётган эди. Иордания ҳукумати ҳам Зарқавийни Уммонда учта худкуш ҳужум уюштирганликда айблаб, уни қидираётган эди. АҚШ ҳукумати унинг боши учун 25 миллион доллар миқдорида мукофот белгилаганди.
XS
SM
MD
LG