Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:11

Ким учундир “қўли қонга ботган террорчи”, бошқаси учун “шаҳид”


Дунё мамлакатлари раҳбарлари АҚШ ҳарбийлари амалга оширган махсус операция вақтида “Ироқдаги ал-Қоида” гуруҳи раҳбари Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўлдирилганини терроризмга қарши курашдаги катта ғалаба ўлароқ баҳоламоқда.

Маълумотларга кўра, Ироқдаги “энг қиммат террорчи” ва унинг яқин маслакдоши шайх Абд ар-Раҳмон 7 июнь куни Бағдод вақти билан кеч соат 18:15 да ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилган. АҚШ Зарқавийни қўлга олиш ёки уни йўқ қилишда ёрдам берган шахсларга 25 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган эди.

Жума куни Бағдодда ўтказилган матбуот анжуманида Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал Уилям Калдвелл Зарқавий ҳаво ҳужуми пайтида ўлмаганини айтди.

Унинг билдиришича, воқеа жойига биринчи бўлиб Ироқ полицияси етиб борган. АҚШ ҳарбийлари келганида Зарқавийнинг жасади тиббиёт замбилида бўлган.

“Ўша жойда бўлган гувоҳнинг айтишича, Зарқавий ўрнидан туришга уринган. Ҳамма уни қайта жойига ётқизиб қўйишга ҳаракат қилган. Аммо у ҳаво ҳужуми натижасида олган жароҳатлари туфайли ўша жойда ўлган”, – деди генерал.

У.Калдвелл Зарқавийнинг танасида ҳеч қандай ўқ излари бўлмаганини маълум қилди.

8 июнь куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ президенти Жорж Буш Зарқавийнинг ўлдирилиши “адолатли” бўлганини таъкидлади.

“Зарқавий йўқ қилинди. Аммо Ироқда оғир ва мураккаб миссияни амалга ошириш давом этади. Биз террорчи ва исёнчилар усиз ҳам зўравонликлар содир этади, мазҳаблараро зўравонлик яна давом этади, деб ўйлаймиз. Аммо террор ғояси ўзининг кўзга кўринган ёвуз раҳбарларидан бирини йўқотди. Зарқавийнинг ўлими “Ал-Қоида”га берилган қақшатқич зарбадир”, – деди АҚШ раҳбари.

НАТО бош котиби Яаап де Ҳооп Схеффер эса “қўли қонга ботган Зарқавийни ҳеч ким ёдга олмаслиги”ни башорат қилди.

“У одамлар қонини дарё қилиб оқизган. Шунинг учун уни ҳеч ким эсламайди, деганим бўрттириб айтилган гап эмас”, – деди НАТО бош котиби.

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр ҳам Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўлдирилгани нафақат Ироқдаги, балки бутун дунёдаги “Ал-Қоида”га берилган зарба эканини билдирди.

Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг қайниси Солиҳ ал-Ҳамий эса Ироқдаги “энг қиммат террорчи” шаҳид бўлганини таъкидлади.

“У Ислом йўлида шаҳид бўлди. Мен шуни айтишим мумкин, холос. У барча мусулмонлар имоми. У шаҳид кетганидан хурсандман. Бу ўлиш эмас, бу шаҳидлик”, – деди Зарқавийнинг қайниси.

9 июнь куни Афғонистон толиблари раҳбари Мулла Муҳаммад Умар Абу Мусаб аз-Зарқавий ўлдирилгани муносабати билан баёнот эълон қилди.

Унда Зарқавийнинг ўлими “салб кучлари”га қарши курашни сусайтирмаслиги айтилади.

“Ироқдаги “Ал-Қоида” раҳбари аз-Зарқавий орзу ва мақсадига эришди. Унинг ўрнини минглаб зарқавийлар эгаллашга тайёр”, – дейилади Мулла Умар баёнотида.

“Ал-Қоида” Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йил охирига қадар бошқарган толиблар ҳаракати билан ҳамкорлик қилиб келган. АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари толибларни ҳокимиятдан ағдарганидан сўнг ҳаракат раҳбари Мулла Умар ўз шериклари билан бирга Кобулдан қочиб, номаълум жойларда яшириниб юрибди.
XS
SM
MD
LG