Линклар

Шоира Содиқбекова оиласига бўлаётган тазйиқлар ҳақида

  • Барно Анвар

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шоира Содиқбекованинг адолатсизликдан жабр кўрган оддий она сифатида Ўзбекистон президенти девонини пикет қилиш нияти барбод бўлди.

Гарчи ўтказмоқчи бўлган норозилик акцияси ҳақида у Тошкент шаҳри ҳокимлигига мурожаат қилган бўлса-да, эрта тонгданоқ уйидан чиқарилмади. Унга сафдош бўлмоқчи бўлган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам кучайтирилган назорат остида уйида сақланди.

“Озодлик” радиосига интервью берган Ш.Содиқбекова адолатсиз судловлар, ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тазйиққа қаршилик билдириш ва яна бир қанча талабларни илгари суриш ўтказмоқчи бўлган пикетидан асосий мақсад эканини билдирди.

“Бош мақсадим адолатсиз судловдан норозилик, қалбайки ҳужжатлар асосидаги айбловлардан норозилик, инсон ҳуқуқлари фаолларига тазйиқларни тўхтатишни талаб қилиш эди. Лекин эрталаб олтидан уйимга милиция ходимлари келди ва ҳозиргача ҳам кўчага чиқаришмаяпти. Эшикдан чиқишим билан тасвирга олишяпти ва кўчага чиқсам, устидан жиноят иши очиш билан пўписа қилишяпти”, - деди Ш.Отабекова.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда оиласига босим кучайган. Хусусан, унинг ўғли ва қизи устидан жиноят иши қўзғатилган.

У адолатсиз суд тизимидан норози бўлиб юра-юра ҳуқуқ ҳимояси соҳасига ўтиб кетгани, унга нисбатан ҳақсизлик ҳали ҳам давом этаётгани, айниқса, қизининг ҳаёти хавф остида эканини маълум қилди.

“Қизимни 23 март куни бир дугонаси билан уйдан ушлаб кетишган. Қўшмачилик қиляпти, деган баҳона билан олиб бориб, кечаси билан сўроқ қилишган. Кейин эса қизимни ва унинг дугонасини қийнаб, зўрлашган. Қамаб юбориш билан қўрқитишган. Иккиси ҳам жуда қўрқиб қолган. Дугонаси ҳали жуда ёш, 1983 йилда туғилган қиз эди. У ўша кундан бери йўқ, топиша олмаяпти. Қизимни эса мажбурлаб, тиббий экспертизадан ўтказишибди ва энди жиннихонага ётқизмоқчи бўлишяпти. Шунинг учун мажбур бўлиб, уни бекитиб қўйдим”, - дейди Ш.Содиқбекова.

“Озод деҳқонлар” партияси лидери Нигора Ҳидоятова ҳам Ш.Содиқбекова ва унинг оиласи, хусусан, қизи билан бўлган ҳодисадан хабари борлигини айтар экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бу қизлар зўрланган бўлиши мумкин, деган фикр билдирди.

“Шунақа бўлиши мумкин, чунки кейинги вақтларда ҳибсхоналарда хотин-қизларнинг номусига тегиш ҳоллари кузатиляпти. Ш.Содиқбекова эса жуда фаол ҳуқуқ ҳимоячиси. Унинг ўзи ва оиласига нисбатан жуда кўп ҳақсизликлар бўлган. Шу боис, у кейинги вақтларда пикетларга фаол чиқа бошлади. Ҳукумат, суд органларидан ўз ҳаққини дадил сўрайдиган аёл. Шунинг учун ҳам унга ва оиласига нисбатан қаттиқ тазйиқлар бўляпти”, - деди Н.Ҳидоятова.

Ш.Содиқбекованинг ўғлига нисбатан ҳам тазйиқ кучайган.

“Ҳозир ўғлимга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Турмуш ўртоғим 2 гуруҳ ногирони. Ўзим ҳам касалвандман. Поликлиникамизда рўйхатда тураман. Бугун шу адолатсизликларга қарши пикет қилмоқчи эдим, лекин қўйишмади. Ҳозир ҳам эшигим тагида ўтиришибди”, - дейди Ш.Содиқбекова.
XS
SM
MD
LG