Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

Санжар Умаров жарима изоляторида


10,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва Бухородаги 64/47-қамоқхонага жўнатилган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг яқинда жарима изоляторига ташлангани ҳақида хабар тарқалди.

Уни кўргани борган синглиси Нодира Умарова сўзларига кўра, С.Умаров 8 кундан бери жарима изоляторида сақланмоқда. Яқинларига бунинг сабаби айтилмаган ва улар маҳбуснинг олдига қўйилмаган. Унга олиб келинган озиқ-овқатлар ҳам қайтарилган.

С.Умаровнинг соғлиғи айни пайтда қандайлиги, мана икки ойдирки, маълум эмас. Яқинлари эса унинг соғлиғидан хавотирда. Зеро, Бухородаги бу қамоқхона маҳбусларнинг касаллик даражаси жиҳатдан биринчи ўринда туради.

“Озод деҳқонлар” партияси етакчиси, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси аъзоси Нигора Ҳидоятова айни маълумотларни тасдиқлар экан, ҳозирги вақтда С.Умаров билан боғланиш, у ҳақда бирор маълумот олишнинг мутлақо имкони бўлмаётганини айтади.

“С.Умаров 16 кунга жарима изоляторига ташланган. Нега уни жарима изоляторига ташлашган, соғлиғи қандай, ҳеч нарсани билмаймиз. Боиси, ҳозир адвокатимиз йўқ”, - дейди Н.Ҳидоятова.

У С.Умаров ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Василий Красиловский ҳозир мамлакатни тарк этганини билдирди.

“У Америка юристлар уюшмаси билан ҳамкорликда ишлар эди. В.Крсиловский алоҳида грант олган, шу асосда, асосан, мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилар эди. Америка юристлар уюшмасини ёпиш ҳаракатлари бошлангандан сўнг унинг ҳаёти, фаолияти ҳам реал хавф остида қолди ва у мамлакатни тарк этди. Биз эса Санжар Умаровни ҳимоя қилишга қодир ва рози бўлган адвокатни ҳали топмадик”, - деди Н.Ҳидоятова.

Эслатиб ўтамиз, С.Умаров шу йилнинг 6 мартида уюшган жиноятчилик, катта миқдордаги ўғирлик, ғайриқонуний равишда тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш, солиқлардан қочиш каби айловлар билан дастлабки суд қарорига кўра 14,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Апелляция тартибида ўтган судда бу муддат 10,5 йилга туширилди.

Шунга қарамай, адвокат ва ҳимоясидаги шахс бу айбловни асоссиз ҳисоблаб, Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилинишини билдирган эди. Аммо адвокат В.Красиловскийнинг мамлакатни тарк этгани бу иш охирига етмаганини кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG