Линклар

logo-print

Ўзбекистон яҳудийлари раҳбарининг котибаси ўлдирилди

  • Барно Анвар

Хабарларга кўра, Тошкентда Марказий Осиё бош раввини Абе Довуд Гуревичнинг котибаси Карина Лойфер ва унинг онаси ўз уйида ваҳшийларча ўлдириб кетилган.

Маълум бўлишича, Карина эндигина 20 ёшга кирган бўлиб, бир неча ой аввал котибаликка жойлашган эди.

Абе Довуд Гуревичнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Карина ва унинг онаси шафқатсизларча ўлдирилган.

“Уларни ўз уйида бўғилган ҳолатда топишган. Бизга маълум бўлишича, улар қаттиқ қийноқ остида ўлдирилган бўлиши мумкин. Ҳозирча қотиллик сабаблари ҳақида бизга ҳеч нарса маълум эмас”, - деди Абе Довуд Гуревич.

МДҲ давлатлари яҳудийлари жамоаси федерацияси раҳбари Леви Левиев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, мазкур қотиллик юзасидан ҳаққоний ва тезкор суриштирув ўтказилишини сўради.

Л.Левиевни қотиллик криминал характерга эга, деган расмий жавоб қониқтирмаган.

МДҲ яҳудий жамоалари кейинги вақтда Ўзбекистонда яҳудийларга нисбатан ҳужум кучайиб кетяпти, деган хавотирни билдирмоқда.

Абе Гуревич эса гарчи қотиллик сабаблари ҳақида ҳали аниқ маълумотга бўлмаса-да, бу жиноят “миллий ёки диний камситиш асосида содир этилган, деб ҳисобламаслиги”ни маълум қилди.

“Менга маълум бўлишича, улар ўз уйини сотмоқчи бўлиб юрган эди. Назаримда, шу борада бир низо чиққан бўлиши мумкин. Карина Лойфер Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги нисбатан камбағал даҳада яшар эди. Онаси иккиси ёлғиз бўлгани учун жиноятчилар ҳужумига учраган бўлиши мумкин”, - деди Абе Довуд Гуревич.

Ҳозир Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қотиллик юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётган бўлса-да, унинг тафсилотлари маълум қилинмаяпти.
XS
SM
MD
LG