Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Яҳудийларни ўлдиришда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди


Тошкентда Марказий Осиё бош раввини Абе Довуд Гуревичнинг котибаси Карина Лойфер ва унинг онасини ўз уйида шафқатсизларча ўлдирганликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқий таъминот ва матбуот билан алоқа бошқармаси бошлиғи Алишер Шарипов маълум қилди.

А.Шариповнинг билдиришича, гўёки сантехника ишларини бажариш мақсадида Лойферлар хонадонига келган гумон қилинувчи шахснинг уйидан жиноятни тасдиқловчи ашёвий далиллар топилган.

Марказий Осиë яҳудийлар жамияти раиси ўринбосари Роман Бенсманнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ташкилот вакиллари қотиллик содир этилган уйга таклиф этилган ва жиноят тафсилотлари билан таништирилган.

“Сирғали тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи 27 ёшли бир йигит қўлга олинганини гапириб берди. У марҳумларнинг тасодифий таниши бўлган. Каринанинг онаси уни сантехника ишларини бажариш учун уйга таклиф этган. Ҳозирча исми ошкор қилинмаëтган бу шахс Лойферларга тегишли мол-мулкни ўғирлаш мақсадида аввал Каринанинг онасини, кейин эса унинг ўзини ўлдирган. Қотиллик миллатчилик ва диний асосда содир этилмаган”, - деди Р.Бенсман.

Шавфқатсиз қотиллик қурбони бўлган Карина Лойфер эндигина 20 ёшни қаршилаган ва Марказий Осиё бош раввинининг котибаси лавозимига ишга кирганига ҳали кўп бўлмаганди.

Сирғали тумани ИИБ навбатчиси Ҳасанжон Бекмуҳаммедов мазкур қотилликда гумонланувчи шахс ҳақида батафсилроқ маълумот берди.

“У 1979 йилда туғилган. 12-автокорхонада чиптачи бўлиб ишлайди. Ашёвий далил сифатида уйидан марҳумларга тегишли магнитофон ва бошқа буюмлар топилган”, - деди ИИБ навбатчиси.
XS
SM
MD
LG