Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:58

Инсон ҳуқуқлари кенгаши иш бошлади


БМТ Бош котиби Кофи Аннан Женева шаҳрида янги тузилган Инсон ҳуқуқлари кенгашининг биринчи йиғилишини очди. Йиғилишнинг илк мажлисида юздан ортиқ давлат расмийлари қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари кенгаши БМТнинг фаолияти тўхтатилган Инсон ҳуқуқлари комиссияси вазифасини бажаради. Инсон ҳуқуқлари поймол этиб келинган Ливия, Судан ва Зимбабве каби давлатлар БМТ комиссияси қарорларига таъсир этиб келгани учун мазкур ташкилот анча вақтдан бери халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинаётган эди.

Кенгашнинг биринчи йиғилишида сўзга чиққан Кофи Аннан унинг аъзолари аввалги комиссия йўл қўйган хатоларни такрорламаслиги кераклигини айтиб: “Мазкур кенгаш БМТ, қолаверса, бутун инсониятга инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича янги курашни бошлаш имкониятини яратади. Мен сизлардан бу имкониятни бой бермасликни ўтиниб сўрайман”, – деди.

47 аъзодан иборат Инсон ҳуқуқлари кенгашини БМТ Бош ассамблеясининг аксарият аъзолари тасдиқлаши керак бўлади. Кофи Аннан ўз нутқида янги кенгашни аввалги комиссия каби сиёсийлаштиришга йўл қўймасликка чақирди.

“Олдимизда турган ҳафталар ва ойлар давомида бу ерга сизларни қандай мақсад етаклаганини ёддан чиқармасликни сўрайман. Кенгаш сиёсий обрў орттириш ёки сиёсий ўйинлар воситасига айланишига ҳеч қачон йўл қўйманг”, – деди Кофи Аннан.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиза Арбор Кофи Аннаннинг сўзларини қўллаб-қувватлади. Л.Арбор хоним баъзи давлатлар, жумладан, АҚШ ҳам Инсон ҳуқуқлари кенгаши аввалги комиссиядан кўра кўпроқ ишни амалга оширишига шубҳа билдираётганини тан олди. Бироқ у кенгаш аъзоларини танқидлар ўринсиз эканини исботлашга чақирди.

“Айрим танқидчилар кенгашга шунчаки бир уриниш сифатида қарамоқда. Инсон ҳуқуқи кенгашининг ҳозирги аъзолари бу танқидлар асоссиз эканини исботлаши ҳамда янги ташкилотга нисбатан ҳурмат ва ишончни уйғотиши керак”, – деди Л.Арбор.

АҚШ янги тузилган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо эмас. Аммо ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Вашингтон расмийлари кенгашнинг ҳозирги кўринишда бўлишига қарши овоз берган.

Айрим таҳлилчилар инсон ҳуқуқлари вазияти ёмон бўлган Куба, Саудия Арабистони, Хитой ва Россия каби давлатларнинг мазкур кенгашга аъзо бўлиши Вашингтон расмийлари билдирган хавотирлар ўринли эканини тасдиқлайди, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG