Линклар

Ёдгор Турлибековга ҳали ҳам айблов эълон қилинмаган

  • Озодлик

16 июнь куни ҳибсга олинган қашқадарёлик 70 ёшли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг қаерда сақланаётгани маълум қилинмаяпти. Шунингдек, унга шу пайтгача айблов эълон қилинмаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумот тарқатди.

Унда айтилишича, 16 июнь куни соат 11 ларда Қаршида яшовчи Ё.Турлибековнинг уйига 30 га яқин милиция ходими бостириб кирган ва ҳуқуқ ҳимоячисини олиб кетган. Унинг уйида 4 соат давомида тинтув ўтказилган ва компьютер, бир неча диск, ҳуқуқшунослик бўйича адабиётлар мусодара қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова Ё.Турлибековнинг нега ҳибсга олингани ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса Ë.Турлибековнинг ҳибсга олиниши мамлакатда кучайиб бораëтган репрессиядан далолат эканини айтди.

Ё.Турлибеков 1999 йилдан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси, 2001 йилдан эса мазкур жамиятнинг Қашқадарё вилояти бўлими раиси вазифасида ишлаб келган. У Қашқадарё вилоятида уюштирилган бир неча норозилик акциялари ташаббускори эди.

Европа Иттифоқи ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятдан ташвиш билдирмоқда. ЕИ яқинда Ўзбекистон ҳукуматини яна бир бор инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш ва иқтисодий жиноятлар содир этишда айбланиб, ҳибсга олинган мухолифат вакилларига адолатли ҳукм чиқарилишини кафолатлашга чақирди.

ЕИга раҳбарлик қилаëтган Австрия ҳукуматининг бу ҳақда тарқатган баëнотида тузилмага аъзо давлатлар айни пайтда қамоқда бўлган мухолифат вакиллари Санжар Умаров ва Мўътабар Тожибоева тақдиридан, айниқса, қаттиқ хавотир олаëтгани билдирилади.

“ЕИ Ўзбекистон ҳукуматидан яна бир бор қамоққа олинганлар билан учрашиш имкони ва тиббий дори-дармон таъминотини кафолатлашни сўрайди”, - дейилади баëнотда.

Шунингдек, ЕИ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ва унинг ўғли Илҳом Зайнобиддиновнинг қаерда экани ҳақида маълум қилиш талабини илгари сурган.

Австрия ҳукумати матбуот вакили Никола Дониг “Озодлик” мухбирига баёнотга ЕИга аъзо 25 давлат вакиллари имзо чекканини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакиллари ҳали бу баёнот билан танишиб чиқмаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG