Линклар

Япония Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқади

  • Ҳасанжон

Япония Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқишни режалаштирмоқда. Мамлакат Хавфсизлик кенгаши баёнотида Япония ҳарбийлари Ироқда ўз миссиясини бажаргани маълум қилинган.

Япония бош вазири Жуничиро Коизуми япон аскарлари Ироқдан олиб чиқилишига қарамай, Токио Ироқни қайта тиклашда Бағдод расмийларини қўллаб-қувватлашини айтиб: “Ҳатто қўшинларимиз Ироқдан олиб чиқилганидан кейин ҳам биз Ироққа имкон қадар кўпроқ ёрдам бериш учун Ироқ ҳукумати, АҚШ ва БМТ расмийлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз”, - деди.

Душанба куни Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий Ироқ кучлари Япония қўшинлари жойлашган Ал-Мутана вилоятида хавфсизликни таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олишини эълон қилганидан бир кун кейин Токио расмийлари ўз ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

Япониянинг 600 ҳарбийси Ироқнинг Ал-Мутана вилоятига 2004 йил бошида жойлаштирилган эди. Улар, асосан, гуманитар ёрдамлар ва Ироқни қайта тиклаш ишларида қатнашиб келаётганди.

Кузатувчилар жанговар ҳаракатларда қатнашмаган Япония қўшинларининг олиб чиқилиши Ироқдаги умумий вазиятга таъсир этмайди, деган фикрда.

Буюк британиялик ҳарбий таҳлилчи Чарлз Ҳейман ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу фикрга қўшилди.

“Агар коалиция кучларининг Ироқ бўйлаб амалга ошираётган операцияларига назар ташланса, Япония ҳарбийларининг Ал-Мутана вилоятидан олиб чиқилиши катта аҳамиятга эга эмаслиги кўринади. Биринчидан, бу анча вақтдан бери ҳаммага маълум эди. Японияда бу борада қизғин мубоҳасалар давом этаётганди. Япония ҳарбийлари аҳоли энг тарқоқ жойлашган, 300 минг одам яшайдиган вилоятда қайта тиклаш лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланиб келаётганди. Австралиянинг 400 ҳарбийси эса уларни ҳимоя қилиш билан банд эди. Энди Австралия кучлари бошқа жойга кўчирилиши мумкин. Япония қўшинлари олиб чиқилганидан кейин уларни қўриқлашдан бўшаган Австралия ҳарбийлари жанговар операцияларига жарб этилиши эҳтимолдан холи эмас”, - деди Ч.Ҳейман.

Ўз навбатида, 20 июнь куни Канберра радиосига интервью берган Австралия бош вазири Жон Ҳовард ўз ҳукумати мамлакат қўшинларини Ироқдан олиб чиқишга шошмаслигини билдирди.

“Агар биз ва бошқалар ўз қўшинларини тезда олиб чиқсак, шу пайтгача қилинган ҳамма иш муваффақиятсизликка учраши мумкин. Чунки ироқликлар ҳозирча ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмас. Ироқнинг турли минтақаларида жуда мураккаб, жуда хавфли вазият давом этмоқда. Хайрият, Австралия қўшинлари жойлаштирилган Ироқ жанубида зўравонликлар бошқа минтақалардаги каби кўп содир этилмайди”, - деди Ж.Ҳовард.
XS
SM
MD
LG