Линклар

logo-print

Руслар наркотрафикка қарши курашда ўзбеклар билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи

  • Озодлик

Россиянинг Наркотиклар айланишини назорат қилиш федерал хизмати директори Виктор Черкесов раҳбарлигидаги делегация 20 июнь куни Ўзбекистонда бўлиб қайтди.

Расмий маълумотларга кўра, бу делегациянинг Тошкентга сафари чоғида Россиянинг Ўзбекистон билан наркотрафикка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлиги, жумладан, икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди. Гиëҳвандлик, уюшган жиноятчилик ва наркотик моддалар ғайриқонуний савдоси билан боғлиқ масалаларда ахборот алмашувини йўлга қўйиш муҳокама қилинди.

В.Черкесов Тошкентга сафари чоғида наркобизнесга қатъий чек қўйиш тарафдори бўлган Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти олдидаги мажбуриятларини бажараëтганини алоҳида қайд этди.

Хизмат сафарини якунлагач, меҳмон Тошкентда матбуот анжумани ўтказди. Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури орқали В.Черкесовнинг мана бу гаплари эфирга узатилди: “Мен раҳбарлик қилаëтган идора халқаро ҳамкорликни кучайтирмасдан, турли давлатларнинг ҳуқуқ-тартибот ва махсус идоралари ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштирмасдан наркобизнесга қарши жиддий таъсир кўрсатиши мушкул. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон билан ўтган йили наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи ва унинг ҳуқуқий асосини таъминловчи келишув имзоланган”.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда наркотиклар билан боғлиқ юзлаб жиноят фош этилган, 1222 килограмм оғу, жумладан, 467 килограмм героин мусодара қилинган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган ҳафта ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида Афғонистондаги вазият – гиёҳвандлик моддалари етиштириш деҳқончиликнинг бир турига айлангани минтақага очиқ таҳдид эканини таъкидлаган эди.

“Афғонистонда вазиятнинг кескинлашиши, гиëҳвандлик моддалари етиштириш кўлами ва унинг олдини олиш учун мамлакатда ҳаракат қилаëтган хориж ҳарбийлари ушбу ëвузликнинг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаëтгани жиддий хавотир уйғотмоқда”, - деган эди И.Каримов.

БМТнинг наркотикларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идорасининг Марказий Осиëдаги вакили Жеймс Кэллэхон бу соҳада камчиликлар борлигини таъкидлади.

“Мен (Ўзбекистонда) ҳукумат гиëҳвандлик моддалари ғайриқонуний савдосининг олдини олишда бор кучини ишга солаëтганига шубҳаланмайман. Тўғри, кўп иш қилиниши керак. Шундай экан, ҳар бир мамлакатда кенг кўламли иш қилишдан олдин қийинчиликлар рўй беради. Масалан, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларини ëд оладиган бўлсак, ўша пайтда ҳукумат агентликлари маълумотлар олишда якдил эмас эди, шунинг учун ҳам террорчилик ҳаракатлари содир этилганди. Ҳар бир мамлакатда бюрократия бор. Россия ҳукумати бундан жуда хавотирда ва минтақада наркотик моддалар ғайриқонуний савдоси олди олиниш учун ўз хизмати ва ëрдамини аямаяпти”, - дейди Ж.Кэллэхон.

Бироқ Афғонистон расмийлари дунë жамоатчилиги берадиган молиявий кўмакнинг етишмаслиги ва қўшни давлатлар билан ахборот алмашинувининг тўлақонли йўлга қўйилмагани боис, бу муаммонинг олдини олиб бўлмаслигини айтмоқда.

Афғонистон ички ишлар вазирининг наркотикларга қарши кураш масалалари бўйича ўринбосари генарал Муҳаммад Довуд “Озодлик”ка берган интервьюсида қўшни давлатлар билан ахборот алмашинуви тўғри йўлга қўйилмагани муаммо ечимини топишда оқсоқликка олиб келаётганини алоҳида таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG