Линклар

logo-print

АҚШ президенти Жорж Буш 1956 йилги Венгрия қўзғалонини хотирлаш учун Будапештга борди

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи раҳбарлари билан 21 июн куни Венада учрашган АҚШ президенти Жорж Буш пайшанба куни Венгрия пойтахти Будапештга борди. Ташрифдан мақсад Венгрияда советлар ҳукмронлигига қарши 1956 йилда уюштирилган қўзғалоннинг 50 йиллигини хотирлаш маросимида қатнашишдан иборат.

АҚШ президенти Жорж Буш Венгрияга ташрифидан кўзланган мақсад ҳақида бундай деди:

“Мен бу ерга 1956 йилги инқилобни ёд этиш учун келдим. Ўша инқилоб ҳар бир эркак ва аёл эркин бўлиши керак, деган ғояга йўғрилган эди”, – деди президент Буш.

АҚШ раҳбари Венгрия президенти Ласло Шойом билан учрашганидан кейин икки давлат раҳбарлари қўзғалон қурбонлари хотираси учун бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Маросимда сўзлаган Венгрия президенти Ласло Шойом:

“Биз 1956 йилда венгрияликлар ва венгрлар курашган озодлик, демократия, миллий ўзлик ва инсон ҳуқуқлари каби умум қадриятларимизни ифода этяпмиз”, – дея венгрияликлар муносабатини билдирди.

Совет танклари ва қўшинлари қўзғалонни куч билан бостиргани оқибатида икки ярим минг венгриялик ва 750 нафар совет аскари нобуд бўлди. Венгрияда қўзғалон атиги икки ҳафта давом этди. Аммо у Шарқий Европа давлатларида советлар ҳукмронлигига қарши олиб борилган энг қонли қўзғалон сифатида тарихга кирди.

Венгрия қўзғолони аслида 1956 йилнинг 23 октябрида Польша коммунистик партиясининг ислоҳотчи қанотини қўллаб-қувватлаш мақсадида студенлар уюштирган намойишдан бошланган. Намойиш қатнашчилари сони қисқа фурсатда 100 мингдан ошганидан кейин Венгрия полицияси вахимага тушиб уларни ўққа тутган. Оқибатда юзлаб намойишчи нобуд бўлган. Шу билан Венгрия қўзғалони бошланган.

Ўша пайтда қўзғалончилар муваффақиятга эришишлари муқаррардек бўлиб туюлган. Улар ислоҳотчи янги ҳукумат тузилганини эълон қилишган ва янги Бош вазир Эмре Нодй Венгрияни Варшава шартномасидан чиқариш ниятида эканини айтган.

Қўзғалон бошланганидан кейин совет танклари Венгрияга бостириб кира бошлаган. 10 ноябрга қадар ҳамма тўқнашувлар тугаган бўлишига қарамай, совет танклари Венгрияга кириб келаверган.

АҚШ президенти Жорж Буш 22 июн куни Будапештда сўзлаган нутқида Советлар 1956 йилда қўзғалонни бостирди аммо венгрияликларнинг эркинликка бўлган интилишини йўқ қила олмади, деди. АҚШ раҳбари венгрияликларнинг эркинлик ва мустақиллик учун советларга қарши 1956 йилги қўзғалоннинг тарихий аҳамиятини олқишлади.
XS
SM
MD
LG