Линклар

Оғизни қийшайтирадиган баёнотлар соясидаги “тўртинчи ёвузлик” ҳақида

  • Фаррух Юсуфий

Кузатувчилар ШҲТ ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти вакиллари ўртасида алоқаларни кенгайтиришга доир учрашувлар сони ортгани сари бу тузилмаларга аъзо Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги таранглик кескинлашиб бораётганини айтмоқда.

Сўнгги ҳафталар давомида бу мамлакатлар чегарачилари бир-бирини давлат чегараларини ноқонуний бузишда айблаб келяпти.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш қўмитаси эълон қилган баёнотда айтилишича, 16 июнь куни Тошкент вилояти Бекобод туманидан ўтадиган Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасини маст ҳолатдаги тожик чегарачилари бузган. Бу ноқонуний ҳаракатга нисбатан ўзбек чегарачиларининг эътирозига жавобан тожик чегарачилари етти марта ўқ узган. Бунинг оқибатида оддий аскар Азиз Очилов оёғидан жароҳатланган. Тожик ҳарбийларининг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида ўзбекистонлик чегарачилар ҳавога огоҳлантирув ўқини узгандан кейин улар ўз мамлакати ҳудудига қайтган.

Бу баёнот “Пресс-уз.инфо” сайтида эълон қилинди.

Бундан ташқари, 15 июнда қирғиз чегарачилари Андижон вилояти ҳудудига бостириб кириб, тракторда ер ҳайдаётган Ўзбекистон фуқаросини қурол билан қўрқитиб, трактори билан бирга Қирғизистон ҳудудига олиб кетгани, бошқа бир ҳодисада эса қирғиз чегарачилари Андижоннинг Пахтаобод туманига ноқонуний кириб, Ўзбекистон фуқаросига қурол ўқталиб, унга тегишли қорамолни тортиб олгани ҳақида маълум қилинди.

Ўз навбатида, Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбларига эътироз билдирмоқда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Майкл Ҳоллнинг таъкидлашича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон аъзо бўлган ШҲТ ва Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти вакиллари жорий йил бошидан бери бир қанча учрашувлар ўтказиб, аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга оид келишувлар сони кўпайган сари бу уч давлат ўртасидаги таранглик кескинлашиб бормоқда.

“Ўтган йил давомида бу уч мамлакат ўртасидаги муносабатлар борган сари таранглашяпти. Хусусан, Қирғизистон андижонлик қочқинларни қабул қилганидан кейин Ўзбекистон билан муносабатлари анча кескинлашди. Ўшандан бери ўзбек-қирғиз чегарасида бундай ҳодисаларнинг кўпайгани кузатилмоқда. Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатларининг ҳам ёмонлашаётганини кўриш мумкин. Бунга Ўзбекистоннинг Тожикистон алюминий заводига нисбатан эътирозлари, Тожикистоннинг эса Ўзбекистонга исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ва унинг тарафдорларини ўз ҳудудида яшираётгани ҳақидаги айбловлари ҳисса қўшмоқда. Бу, албатта, ачинарли ҳол. Чунки Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилганида бу давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ва аҳолининг қўшни мамлакатларга бемалол бориб кела олишига умидлар пайдо бўлганди”, - дейди М.Ҳолл.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон йил бошида Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлганида бир қанча умидбахшлик юзага келганди. Қирғизистон ва Тожикистон географик нуқтаи назардан Марказий Осиёда муҳим ўрин тутган қўшни давлат билан олди-сотди қилиш, фуқароларнинг бемалол ҳаракатланиши ва муносабатларни яхшиланишига умидвор бўлганди. М.Ҳолл Тошкент ҳукуматининг чегараларни очишга истак билдирмаётгани бу умидларни чиппакка чиқараётгани, уч давлат ўртасидаги келишмовчиликларга ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

“Ислом Каримовнинг мамлакат ичидаги ва қўшнилари билан муносабатлардаги вазиятни назорат қилиш воситаларидан воз кечишни истамаслигини инобатга олсак, турли ташкилотлар доирасида имзоланган ҳужжатларга қарамай, яқин орада Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасидаги чегаралар очилиши эҳтимолдан жуда йироқдир”, - дейди М.Ҳолл.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатдаги барқарорлик ҳаққи ўзбекистонликларнинг қўшни мамлакатлар билан борди-келди қилишига имкон бериш муҳимлигини тушунади. Лекин Ислом Каримовнинг “назоратни қўлдан бой бериш борасидаги шахсий қўрқуви” бундай фикрлардан устун келади. Албатта, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам чегаралар очилган тақдирда юзага чиқиши мумкин бўлган баъзи муаммолардан хавотирланаётган бўлиши мумкин. Аммо улар учун Ўзбекистон бозоридан фойдаланиш ва олди-сотди қила олиш имкони муҳимроқ.

Расмий Тошкентнинг ўтган ҳафта йиғилган Шанхай клуби ва 23 июнь куни бўлиб ўтиши кутилаётган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммитларига доир баёнотларни “оғизни қийшайтирадиган” даражада умидбахш. Бу икки ташкилотнинг минтақа халқлари фаровонлиги ва хавфсизлиги учун нечоғлик муҳим аҳамият касб этиши ҳақидаги фикрларни давлат раҳбарининг сўнгги йил давомидаги чиқишлари ва ўзбек матбуотида шу кунларда бериб борилаётган мақолалаларда кўплаб учратиш мумкин.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин уч мамлакат ўртасидаги муносабатлар аввал ҳам яхши бўлмагани, сўнгги ҳафталарда рўй бераётган ҳодисалар эса ҳамкорлик ғояларига шубҳа соясини солишини билдирди.

“Сўнгги пайтларда бу давлатлар ўртасида аниқ кўриниб бораётган зиддиятларни эсдан чиқармаслик керак. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги, ҳеч бўлмаганда, иқтисодий келишмовчиликларга назар ташлайдиган бўлсак, бу зиддиятларни ҳал этиш учун жуда кўп уриниш ва узоқ вақт талаб этилишига амин бўламиз. Ростини айтсам, бу мамлакатларнинг у ёки бу ташкилотга аъзо бўлиши улар ўртасидаги тарангликни юмшата олишига жиддий шубҳаларим бор. Бу муаммолар жуда чуқур ва уларни ҳал этишга анча йиллар керак бўлади”, - дейди А.Грозин.

Уч мамлакат ўртасидаги охирги воқеалар, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон чегараларининг қўшни мамлакатлар учун ёпиқ қолишини истаган кучларга яна бир баҳона бўлади.

ШҲТ саммити олдидан Хитой матбуотига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов: “ШҲТ доирасидаги ҳамкорлигимиз, “уч ёвузлик” кўринишларига қарши кураш учун кенг имкониятларни очиб беради”, - деганди. “Уч ёвузлик” деганда президент халқаро террорчилик, экстремизм ва айирмачиликни назарда тутди. Сўнгги воқеалар эса минтақа хавфсизлигига фақатгина бу уч ёвузлик эмас, куппа-кундуз куни фуқароларни ёхуд уларнинг қорамолини ўғирлаб кетаётган давлат чегарачилари ҳам таҳдид солаётганини кўрсатди.
XS
SM
MD
LG