Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:18

“ЎзДЭУавто”га Hyundai харидор бўлди...ми?


ДЭУ чиқараëтган янги автобуслар.
ДЭУ чиқараëтган янги автобуслар.

Асакадаги “ЎзДЭУавто” заводи Жанубий Кореянинг Hyundai компаниясига сотилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Аммо завод расмийлари бу маълумотни тасдиқламаяпти.

“ЎзДЭУавто”нинг Hyundai га сотилиши ҳақида “Бизнес” газетаси Россия автомобиль бозоридаги ишончли манбаларга таяниб маълум қилган. Бу манбаларнинг билдиришича, заводни сотиш ҳақидаги келишув шу йилнинг июль-сентябр ойларида имзоланиши кутилмоқда. Аммо заводнинг неча фоиз акцияси сотилиши номаълум.

“Озодлик” мухбири ушбу хабарларга ойдинлик киритиш учун “ЎзДЭУавто”нинг Тошкентдаги офисига боғланганида директор ўринбосарининг ëрдамчиси бу ҳақда аниқ маълумот йўқлиги, агар “Ахборот”да (Ўзбекистон телевидениесининг янгиликлар дастури) бирор гап айтишса, шундан сўнг бемалол гапира олишини билдириш билан кифояланди.

“ЎзДЭУавто”нинг дилери бўлган “ТошкентЛада” қўшма корхонаси вакиллари ҳам бу гаплардан хабари йўқлигини маълум қилди.

“Агар бу маълумот тўғри бўлса, яна ҳамма нарса бошдан бошланади. Ўзи йигитларимиз “Дэу”ни эндигина ўрганиб бўлган эди”, - деди корхона ходимларидан бири.

“ЎзДЭУавто” компанияси реклама бўлимининг бу ҳақдаги маълумотларни биринчи марта эшитаётганини айтган ходими Рустам Нажимов эса Daewoo машиналарининг нархи қанчалик баланд бўлмасин, бозори авжида эканини қўшимча қилди.

“ЎзДЭУавто” қўшма корхонаси 1996 йилда ташкил этилган. 2005 йил майида асосий ширкат, яъни Daewoo Motor инқирозга учрагач, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси корейслардан заводнинг 49 фоиз акциясини сотиб олган эди. Завод ишга тушганидан то шу кунгача Nexia, Tico, Damas (кейинчалик эса Tico ўрнига Matiz), шунингдек, Lacetti автомобилларини ишлаб чиқармоқда.

“ЎзДЭУавто” машиналари Россия бозорида сотилаëтган энг харидоргир хорижий автомобиллар сирасига киради.

“Бизнес” газетасининг ишончли манбаларга таянган ҳолда ëзишича, Hyundai заводнинг акцияларини сотиб олса, Daewoo русумли автомобиллар чиқариш тўхтатилади. Кейин эса заводда бир муддат таъмирлаш ишлари олиб борилади ва айрим ускуналар алмаштирилади. 2007 йил охирларида эса ўзбек Hyundaiлари пайдо бўлиши мумкин.

Hyundai Россиянинг Таганрог шаҳрида ҳам ўз заводига эга. Шундай экан, компанияга иккинчи заводнинг нима кераги бор, деган савол туғилади.

Москвадаги AG Capital гуруҳининг бошқарув кенгаши директори Александр Агибалов бу саволга жавоб берар экан: “Автомобиль бозорининг ўзи катта сиëсат майдонидир. Ҳақиқатан ҳам Таганрогда йилига 120 минг дона Hyundai ишлаб чиқариш қувватига эга завод бор. Назаримда бу заводни кореяликларга сотиш юзасидан унинг хўжайинлари ва корейслар ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан. Афтидан “ТагАЗ” хўжайинлари бунга рози бўлмаган. Натижада завод раҳбарларининг бошқа ҳамкор қидириш йўлида ҳаракатлар олиб бораëтганига гувоҳ бўлдик. Шундай сўнг Hyundai компаниясида Ўзбекистондаги заводга катта қизиқиш уйғонди”, - деди.

“ЎзДЭУавто”нинг сотилиши бугун жамоатчилиқдан сир сақланаëтган бўлиши мумкин. Бироқ харидорларни қизиқтирадиган асосий масала автомобилларнинг ички бозордаги нархидир.

Агар ҳали расман тасдиқланмаган маълумотлар рост бўлиб чиқса ва ишлаб чиқиладиган Hyundai автомобиллари Россия бозорида пайдо бўлса, у ҳолда бу “ЎзДЭУавто”да тайёрланадиган машиналарнинг ҳам ички, ташқи бозордаги нархига сезиларли таъсир кўрсатиши турган гап.
XS
SM
MD
LG