Линклар

АҚШ генерали яна Эронни айблади

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси Ироқда содир этилган баъзи мудҳиш ҳужумлар ортида Эрон турганини таъкидлади. Унинг айтишича, Эрон Ироқдаги шиа гуруҳларини қўллаб-қувватлаяпти.

Генерал Теҳрон расмийлари Ироқ шиаларининг эктремистик гуруҳларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётганлик ва уларни қуроллар билан таъминлаётганликда айблади.

Шунингдек, у Эрон Ироқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни “мураккаблаштираётган омиллардан бири” эканини таъкидлади.

“Ироқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири Эрондир. Биз эронликлар ўз махфий хизматлари орқали Ироқдаги экстремистик шиа гуруҳларига қуроллар, портловчи моддалар ва қурилмалар етказиб бераётгани ҳамда уларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётганига ишонамиз. Машқлар Эронда ва баъзан Ливан ҳудудларида ўтказилади”, – деди генерал.

Ж.Кейсининг билдиришича, жорий йил январидан бошлаб вазият ёмонлашган. Эрон Ироқ жанубидаги экстремистик гуруҳларни кўпроқ қўллаб-қувватлай бошлаган.

“Ироқдаги ҳужумларни эронликлар мувофиқлаштираётганини исботловчи далилларга эга эмасман, аммо улар бошқаларнинг ўз ҳамкорлари сифатида фаолият юритишига рухсат бермоқда”, - деди Ж.Кейси.

АҚШ анчадан бери Эрон хавфсизлик хизматидаги айрим унсурларни Ироқдаги исёнчи шиа гуруҳларни қурол билан таъминлаётганликда айблаб келади. Айтилишича, Эрон Ироқдаги радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр ва унинг армиясига таъсир кўрсатмоқда.

Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ҳам қатнашди. Вашингтон расмийлари Эрон раҳбариятига ўз хавотирини билдирдими, деган саволга Давлат департаменти вакиллари жавоб бериши мақсадга мувофиқлигини айтган Д.Рамсфелд: “Албатта, мен ўз хавотиримни очиқ айтганман. Генерал Кейси ҳам шундай қилган. Улар, яъни эронликлар нима қилаётганидан биз яхши хабардор эканимизни билади. Бундан натижа чиқмаяпти. Бу америкаликлар ўлимига сабаб бўляпти”, - дея қўшимча қилди.

Кузатувчилар Вашингтон расмийларининг Эрон билан тўғридан-тўғри музокара ўтказиши амри маҳол эканини айтмоқда. АҚШ жорий йил бошида Ироқдаги элчиси Залмай Халилзодга Эрон расмийлари билан учрашиб, Ироқ масаласини муҳокама қилишга рухсат берган эди.

Теҳрон расмийлари сўзлашув олиб бориш истагини билдирган, аммо кейин бундай музокара фойдасиз эканини айтиб, мулоқот ўтказишдан бош тортган.
XS
SM
MD
LG