Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Бир йилнинг сарҳисоби


Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот.
Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг ўз лавозимига сайланганига бир йил тўлди. Ўтган йилнинг 24 июнида кўпчиликка яхши таниш бўлмаган Теҳрон ҳокимининг бу лавозимни эгаллашини кўпчилик кутмаган эди.

М.Аҳмадийнажот Эрон халқи манфаатларига хизмат қилиш ва улар ҳаётини яхшилаш ваъдаси билан ҳокимият тепасига келган. У нефтдан тушган даромадни “халқ дастурхонига қўйиш”ни, коррупцияга қарши курашиш ва мамлакатни замонавийлаштиришни ваъда қилган.

Бир йиллик фаолияти давомида президент М.Аҳмадийнажот Эроннинг кўплаб вилоятлари ва туманларига сафар қилди. Аҳоли вакиллари билан учрашувлар чоғида уларга кўпгина яхши нарсаларни ваъда қилди. Жорий йил апрель ойида Хуросон вилоятига сафар қилган М.Аҳмадийнажот: “Худо хоҳласа, университетни кенгайтиришдан ташқари илмий бўлимни ҳам ташкил этамиз. Шу ўринда ёшларга таллуқли бўлган бир нарсани айтиб ўтишга ижозат берсангиз. Ҳукумат мажлисида биз иккита спорт зали қуриш ҳақида қарор қабул қиламиз. Биринчи зал қизлар учун, иккинчиси ўғил болаларга бўлади”, – деган эди.

Эронда аҳоли фикрини аниқ ўрганиш имконияти йўқ. Бироқ айрим кузатувчилар президентнинг омма орасидаги обрўси ортиб бораётганини айтмоқда. Унинг Ғарбга ён босмаётгани ва миллатчиликка асосланган баёнотлари бунга ҳисса қўшаётган бўлиши мумкин.

Теҳрон университети профессори Содиқ Зибакалом сўзларига кўра, кўпчилик сайловчи М.Аҳмадийнажот сайловолди кампанияси давомида берган ваъдаларини бажаришини кутмоқда.

С.Зибакалом Эронда инфляцияни камайтириш ва ишсизликни бартараф этиш борасида ҳукуматнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастури йўқлиги кўпчиликни ташвишга солаётганини айтади.

“Ҳозирга қадар, афсуски, нафақат аниқ ва жиддий натижага эришилмади, балки Эрон календари бўйича бошланган янги йилнинг дастлабки уч ойи давомида инфляция мисли кўрилмаган даражада ошди. Ширин гаплар айтаётган ва чиройли шиорлар билан чиқаётган президент М.Аҳмадийнажот бошлиқ ҳукумат пухта ишлаб чиқилган дастурга эга эмаслиги кўпчиликни ташвишга солмоқда”, – дейди профессор.

Ўтган ҳафтада Эрондаги элликка яқин таниқли иқтисодчи олим илмий бўлмаган ва мутахассислар хулосаларига асосланмаган сиёсат олиб бораётгани учун М.Аҳмадийнажотни очиқдан-очиқ танқид қилди. Улар фикрича, агар вазият шу тарзда давом этаверса, мамлакатда камбағаллар сони кўпаяверади, инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашади, иқтисод ривожланиши секинлашади ҳамда Эроннинг энг яхши олимлари мамлакатни тарк этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG