Линклар

“Вестерн Юнион”га ишонч борми?

  • Озодлик

“Фарғона.ру” сайти тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат фуқароларига хориждан келаётган пул жўнатмаларини синчковлик билан текширмоқда.

Молиявий амалиëтларни амалга оширган шахснинг исм-фамилияси банк сири ҳисобланади. Бу сирни ҳуқуқ-тартибот ëки бошқа идораларга тақдим этиш бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мижозга хиëнат ҳисобланади.

Бироқ “Фарғона.ру” сайтининг хабарига ишонадиган бўлинса, Ўзбекистонда мижозга хиёнат қилиш оддий ҳолга айланган кўринади. Сайт “Вестерн Юнион” тизими МХХ билан ҳамкорлик қилаётганини, бу тизимдан фойдаланаётган водийликлар ўз пулини вақтида ола олмаётганини ёзади.

“Озодлик” мухбири ушбу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида “Вестерн Юнион”нинг Ўзбекистондаги ҳамкорларидан бири бўлмиш “Ҳамкорбанк”нинг Андижондаги бўлимларидан бирига қўнғироқ қилди. Банк ходими эса бу хабарлар қуруқ сафсата эканини таъкидлади.

“Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Одамлар келиб, ўзларига юборилган пулларини олиб кетяпти. Гап шундаки, ҳозир жўнатувчилар сони кўплиги учун одамлар навбатда кўп туриб қоляпти. Лекин ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг (бу жўнатмаларни) текширишга ҳаққи бор”, - деди банк вакили.

Бундан аввалроқ чет элдан банк орқали пул олгани учун таъқиб қилинаëтганлар рўйхатида бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова ўзининг солиқ идорасига қилган ташрифи ҳақида “Озодлик”ка: “Жорий йил бошида “Вестерн Юнион” орқали пул олганим учун солиқ инспекциясига чақиртиришди. Бу пулни декларацияга киритиб, солиқ тўлашим ҳақида айтишди. У ерга борганимда мен ўзимга ўхшаган яна бир неча киши - журналистлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари исми-фамилияси битилган рўйхатни кўрдим. Улардан бу рўйхатни қаердан олганини сўрасам, “юқоридан юборилгани”ни айтишди”, - деган эди.

Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармасининг ўз исмини ошкор этишни истамаган вакили ҳам “Фарғона.ру”да келтирилган маълумотларни инкор қилди.

“Биз бундай ишлар билан шуғулланмаймиз. Кимки сизга ушбу маълумотни берган бўлса, бу ўз тасдиғини топмаган маълумотдир. Агар шундай бўлса ҳам четда туриб Ўзбекистон ичидаги турли диний оқимлар аъзоларини пул билан таъминланаëтганлар текширилиши мумкин. Мана Англияларда юрибди-ку, давлатимизни сотиб, ўзича тўнтариш қилмоқчи бўлган юзсиз одамлар. Бу ерни тарки дунë қилиб кетиб, энди турли юнионлар орқали пул юборяпти”, - деди МХХ ходими.
XS
SM
MD
LG