Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:26

Темирбоевнинг дараги МХБ ҳибсхонасидан чиқди


Ўтган ҳафтада Олмаотада номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик қочқин Габдурафиқ Темирбоев Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Қозоғистондаги вакили Сезар Дюбон хабар берди.

“Афсуски, Г.Темирбоевнинг тақдири борасида кўп нарса ҳали ҳам қоронғу қолмоқда. Лекин Ташқи ишлар вазирлиги билан бўлаётган телефон суҳбатларидан унинг Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида эканини биламиз”, - деди БМТ вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бюроси вакили Денис Живаго ҳам ўз манбаларига таяниб бу хабарни тасдиқлади.

“Темирбоев хусусида фақатгина унинг МХБ изоляторида эканини биламиз. Унинг ёнига ҳеч ким, на аёли ва на БМТ қочқинлар идораси вакиллари қўйиляпти. Шунинг учун унинг аҳволи қандай экани ҳозирча номаълум”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Сезар Дюбон эса Темирбоевнинг аҳволидан хабар олиш борасида Қозоғистон ҳукумати билан музокаралар олиб борилаётганини, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари бу ҳақдаги илтимосга келаси ҳафта бошида жавоб бериши ҳақида ишонтирганини билдирди.

24 июнь куни ғайриоддий вазиятда ғойиб бўлган ўзбекистонлик қочқиннинг Қозоғистон МХБ ҳибсхонасида экани ҳақидаги маълумотларни мазкур идоранинг ўзи ҳеч қандай изоҳламаяпти.

Г.Темирбоев ўтган шанба куни номаълум шахслар томонидан олиб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ унинг ғойиб бўлишига Қозоғистон МХБнинг алоқаси борлигини унинг дўстлари тахмин қилган эди. Чунки ғойиб бўлишидан икки кун олдин у ва уч дўсти номаълум шахслар томонидан мунтазам кузатув остида бўлган. Бу воқеадан қарийб бир ҳафта ўтиб, БМТ қочқинлар идораси бу тахминлар тўғри бўлганини тасдиқлади.

Демак, Г.Темирбоев БМТ қочқинлар идораси ҳимоясида бўлганига қарамай, Қозоғистон махсус хизмати уни ҳеч қандай тегишли рухсатсиз махфий равишда ҳибсга олган, тўғрироғи ўғирлаб кетган. Бу эса халқаро қонунлар ва Қозоғистон қонунчилигининг қўпол равишда бузилишидир.

БМТ вакили бу борада Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига тегишли эътироз юборилганини айтади.

“Темирбоевнинг бу тарзда ҳибсга олиниши бизни ҳам хавотирга солди ва бундай бўлганидан таажжубдамиз. Бу борада тегишли текширув ўтказдик ва хавотирларимиз ҳақида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигини ёзма равишда хабардор қилдик. Бундай ҳолат келгусида юз бермаслигига умид қиламиз ва бу воқеани кузатишда давом этамиз, албатта”, - деди БМТ вакили Сезар Дюбон.

Ўтган йилнинг ноябрида худди шу тарзда ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик тўрт қочқиннинг дараги кейинчалик Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласидан чиққани Г.Темирбоевнинг тақдири ҳам шундай якунланиши мумкинлигига оид хавотирларга сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG