Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:59

Ўзбекистоннинг Хитойга “совғаси”...ми?


Ўзбекистон расмийлари 27 июнь куни Хитойга экстрадиция қилинган Канада фуқароси Ҳусайн Жалилнинг аслида Туркиянинг Интерпол томонидан қидирувда бўлган фуқароси Гулёр Дилавер эканини айтмоқда.

Ўзбекистондаги “Press-uz.info” ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ - тартибот идораларидаги манбага таянган ҳолда Ҳусайнжон Жалил террорчилик фаолиятини олиб боргани учун Интерпол томонидан қидириб келингани хабар қилди.

“Ўзбекистонда Канада фуқароси экани ҳақидаги ҳужжатлар билан қўлга олинган ва 1969 йилда таваллуд топган Ҳусайнжон Жалил аслида Шинжон - Уйғур мухтор республикасида (аслида мухтор туман) 1955 йили туғилган Туркия фуқароси Гулёр Дилавердир”, - деб ëзади “Press-uz.info”.

Шунингдек, “Press-uz.info”нинг ёзишича, Г.Дилавер “2000 йилнинг 28 мартида Қирғизистондаги уйғур жамоатчилиги раҳбарини ўлдиришда ва 2000 йилнинг 25 майида Хитой Халқ Республикаси давлат делегациясининг Шинжон-Уйғур мухтор республикасига ташрифи чоғида террорчилик ҳужумини амалга оширишда иштирок этган”.

Канададаги уйғурлар жамияти раиси Муҳаммад Тўхта “Озодлик”ка берган интервьюсида бу маълумотлар ëлғонлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Ҳ.Жалилнинг Хитойга экстрадиция қилиниши бутун дунë уйғурлар жамияти норозиликларига сабаб бўлган.

Ҳ.Жалилнинг (ёки Г.Дилавернинг) экстрадиция қилинишини нафақат Хитой ҳукумати, балки расмий Бишкек ҳам талаб қилиб келаëтган эди. Чунки у Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан террор гуруҳларига аъзоликда, одам ўғирлаш ва гаровга олиш, қотиллик ҳамда ноқонуний равишда қурол сақлашда айбланиб, қидирилаëтган эди.

Бишкекдаги уйғур жамияти фаоли ва Демократия-Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Турсун Ислом 1998 йилда Қирғизистонда Ҳ.Жалилга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, аммо кейинчалик у судда оқланиб, қўйиб юборилганини маълум қилди.

“1998 йили Чуй вилояти суди бу йигитга нисбатан жиноят иши қўзғаган. Ўшанда суд Ҳ.Жалил ишини ўрганиб, унга қўйилган айбловлар уйдирма, деган хулосага келган ва уни қўйиб юборган эди. Шундан кейин у Туркияга кетиб, Истанбулда яшаб юрган ва 1999 йили БМТ қочқинлар идорасига бошпана сўраб, ариза ëзган”, - дейди Турсун Ислом.

У Ҳ.Жалил ҳибсга олингандан сўнг Қирғизистондаги бир неча газеталарда унинг жиноятчи ва террорчи экани ҳақида буюртма мақолалар чоп этилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG