Линклар

Фаластин ҳукуматини бошқараётган ХАМАС гуруҳининг қуролланган қаноти Исроил Ғазо минтақасига ҳужумларини давом эттирадиган бўлса, яҳудий давлати ичкарисида ҳужумларни амалга ошириш ва уни “қон денгизга” чўктириш билан таҳдид қилди.


Мазкур баёнот Фаластин бош вазири Исмоил Хониянинг идораси Исроил ҳарбий вертолётлари томонидан ўққа тутилганидан кейин эълон қилинди. Бу пайтда ўз идорасида бўлмаган бош вазир мазкур ҳужумни қоралади.
Исроил ҳарбийлари фаластинликлар асир олган яҳудий аскарини озод этишга қаратилган ҳужумларни давом эттирмоқда.
Айни пайтда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ХАМАС етакчилари билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин бўҳронни ҳал этиш бўйича уринишлар боши берк кўчага кириб қолганини билдирди.
“Биз рўй бераётган воқеаларни тўхтатиш учун барча воситаларни ишга соляпмиз. Бу уринишларни давом эттирмоқдамиз ва унда араб давлатлари, жумладан, мисрликлар иштирок этмоқда. Улар бу кўргуликларни бартараф этиш устида қаттиқ ишламоқда”, - деди М.Аббос.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт асир олинган яҳудий аскарини озод этиш учун “фаластинлик террорчиларга” қарши Исроил армиясининг “бор қудратини” сафарбар этишни буюрганини маълум қилди.
Исроил ички ишлар вазири Бар Он Фаластин ҳукумати биносига ҳужум қилинганини тасдиқлади ва яҳудий аскар озод этилмас экан, янги ҳужумлар уюштирилишини таъкидлади.
19 ёшли яҳудий аскари бундан бир ҳафта олдин Фаластин жангарилари Исроил армияси постига ҳужум уюштирган пайтда асир олинган эди.
XS
SM
MD
LG