Линклар

Дунё Ўзбекистонни эсдан чиқаргани йўқ

  • Барно Анвар

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация ҳамда Қийноқларга қарши кураш халқаро ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдириб, мазкур мамлакат президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллади.

Хатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан олиб борилаётган тазйиқлар, асоссиз ҳибслар ва қўлланилаётган оғир қийноқлардан ташвиш билдирилган.

Мактубда биринчилардан бўлиб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими аъзолари Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматов номи тилга олинган. Улар таъмагирликда айбланиб, шу йил 15 июнь куни 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Хатда ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳибсга олиниши ва жазога маҳкум этилишини “асоссиз”, деб баҳоланади ва уларнинг аёвсиз қийноққа солингани таъкидланади.

Шунингдек, жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари Ўткир ва Шароф Пардаевлар ҳам “асоссиз равишда ҳибсга олинган”и айтилади. Қашқадарёлик 70 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков “асоссиз равишда қўлга олингани ва ноқонуний равишда ҳибсда сақланаётгани” таъкидланади. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари Саиджаҳон Зайнобиддинов, Мўътабар Тожибоева, Араббой Қодиров тақдиридан хавотир билдирилган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўлланган очиқ хатда мамлакатда сўз ва фикр эркинлигига тўсқинликлар кузатилаётгани айтилган ва бир неча хорижий ташкилотларнинг ёпилганидан ташвиш билдирилган.

Шу каби бир неча ҳолатлар, фактлар тилга олиб ўтилганидан сўнг мактуб муаллифлари Ўзбекистон президентига қуйидагича мурожаат қилади:

“Жаноб президент!

Инсон ҳуқуқлари курашчиларини ҳимоя қилиш ташкилотлари юқорида тилга олинган барча ҳолатларда ҳукумат вакиллари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан репрессиянинг мавжудлиги, шу орқали бундан буён фуқаролик жамияти вакилларини сукут сақлашга мажбур қилиш ҳаракатидан чуқур хавотир билдиради ҳамда Сиздан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан ҳар қандай турдаги таъқиб-тазйиқларни тўхтатишга эришишни сўрайди”.


Очиқ хатда 1998 йил 9 декабрда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тўғрисида қабул қилинган ва БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланган декларацияга риоя этишга чақирилади. Декларацияда ҳар бир шахснинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани ва ҳар бир давлат ўз фуқароларнинг шу ҳуқуқини кафолатлаши кераклиги белгилангани таъкидланади.

“... инсон ҳуқуқлари курашчиларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини ўзи имзолаган ва қабул қилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва шартномалардаги талабларни бажаришга чақиради”, - дейилади хат якунида ҳамда ундаги кузатувлар ва сўровлар эътиборга олинишига умид билдирилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация вакиласи Кэтрин Франсуа “Озодлик”ка берган интервьюсида очиқ хатнинг айнан ҳозир йўлланиши сабабини изоҳлар экан: “Бунинг сабаби шундаки, жорий йил бошидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан асоссиз тазйиқлар сони кўпайгани ҳақида кўплаб ахборотлар оляпмиз. Тазйиқларнинг жуда қисқа вақтда бунчалик кўпайиб кетганидан хавотирдамиз ва шу боис, президент Каримовга очиқ хат йўллашга мажбур бўлдик. Ўтган йили Андижонда содир бўлган қирғинлардан сўнг мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячиларга нисбатан репрессия кучайганини жуда-жуда хавотирли ҳисоблаймиз”, - деди.

У Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида бундай мактублар тезда натижа беришига ишониш қийин эканини қайд этиб, илгари ҳам бир қанча ташкилотлар шу каби хатлар йўллаганини, аммо улар натижасиз қолганини эслатди.

“Лекин бундай мурожаатлар вазиятни жамоатчиликка ошкор этиш, мавжуд муаммоларга матбуот эътиборини тортиш нуқтаи назаридан жамоатчилик фикрининг шаклланишига хизмат қилади”, - дейди Кэтрин хоним.

Айни вақтда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият билан шуғулланаётган ва ҳозир Францияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Отаева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимояси йўлида саъй-ҳаракатлар фаоллашганини таъкидлади.

“Мен Францияда туриб, бу ердаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ишлаётганим туфайли комил ишонч билан айтишим мумкинки, Ғарб Ўзбекистондан чиқаётган ҳар бир чақириқ ва баёнотни эшитяпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари, кузатувчилар эса худонинг берган куни Ўзбекистондан қандайдир хабар олади, уларни синчиклаб ўрганади ва чорасини кўришга ҳаракат қилади. Мен ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларга айтмоқчиманки, биз Ўзбекистондаги вазиятдан тўла хабардормиз ва тегишли тарзда ҳаракат қиляпмиз”, - деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG