Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:57

Сайёҳлик ривожига виза тўсиқ бўлаяпти


Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида анчадан буён виза тартибининг мавжудлиги оқибатида бу икки давлат иқтисодиёти ҳам сайёҳликдан тушадиган маблағ ҳисобидан жиддий зарар кўрмоқда.

Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларига ҳар йили ўн минглаб тожикистонликлар зиёратга келган бўлса, Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги дам олиш масканларига ҳам ёз ойларида минглаб ўзбекистонликлар ҳордиқ чиқарарди.

Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари билан чегарадош. Илгари вилоятнинг “Тожик денгизи”, “Зумрад”, “Ўратепа” каби дам олиш масканлари Ўзбекистондан автобус-автобус дам олувчиларни қабул қилган. Бугун эса бундай сайёҳлар йўқ. Эндиликда ўзбекистонликлар фақат расмийлаштирилиш жараёни жуда ҳам қийин бўлган виза олгандан сўнггина бу жойларга дам олишга келиши мумкин. Худди шундай, тожикистонликлар ҳам Ўзбекистоннинг шундоққина қўшни бўлган тарихий жойларини зиёрат қилиш имконидан маҳрум.

Сўғд вилоятидаги “Сайёҳ” давлат унитар корхонаси филиали директори Мирзаҳаким Рустамовнинг айтишича, корхона 15 давлатдаги сайёҳлик идоралари билан ишлайди, лекин фақат Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш жуда қийин кечади.

“Чунки биз ҳозир Тошкент шаҳрига фақат тижорат учун борадиган одамлар билан ишлаяпмиз. Шунингдек, ҳар ойда бир марта болаларни Тошкентдаги “Диснейлэнд” паркига юбормоқдамиз. Лекин Ўзбекистонга саёҳат мақсадида борадиган одамларга виза олиш жуда ҳам қийин. Биз аввал Ўзбекистондаги сайёҳлик фирмаларидан борадиган сайёҳлар учун ваучер оламиз. Масалан, болалар гуруҳини олайлик. Биз аввал уларнинг ҳужжатларини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига юборамиз. Вазирлик уни кўриб чиққандан кейин Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консуллигига жўнатади. Бу 15-16 кун вақтни олади. Мен ортиқча расмиятчилик бўлмаслигини, биз тўғридан-тўғри Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси билан ишлашимизни жуда хоҳлардим. Ўшанда визани узоқ кутишга тўғри келмасди”, - дейди М.Рустамов.

М.Рустамовнинг билдиришича, ўзбекистонлик сайёҳларнинг ҳам Тожикистонга келиш истаги бор. Лекин уларга ҳам виза олиш муаммо бўлиб турибди.

“Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридан жуда кўп сайёҳ Қайроққум, “Зумрад”, “Шифо” санаторийларига келмоқчи, биз улар билан шартнома туздик. Илгари биргина Самарқанднинг ўзидан ҳар ойда 7-8 минг сайёҳни қабул қилар эдик. Мен бу икки халқнинг минг йиллик қардошлигини, энг яқин қўшни эканимизни ҳисобга олиб, виза тартибининг бекор қилинишини, одамлар бир-бирининг юртига эмин-эркин бориб келишини истайман. Эшитишимча, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиши бу мамлакатга виза тартибидан воз кечиш мажбуриятини юклар экан. Ана шундай ёруғ кунларни кутиб қоламиз”, - дейди М.Рустамов.

Сўғд вилояти сайёҳлик кенгаши раиси Фирдавс Абдуллаевнинг таъкидлашича, ҳозир Шимолий Тожикистондаги дам олиш масканларидаги нархлар Марказий Осиёда энг арзон ҳисобланади.

“Масалан, “Тожик денгизи” деб аталадиган Қайроққумда бир кишига уч маҳал овқати билан люкс хонада дам олиш 10 долларга тенг. Оилавий дам олувчиларга люкс коттежлар ҳам бор. 12 кунга 120 доллар”, - деди Ф.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG