Линклар

Имомали Раҳмонов Хитойдан ўргандимикин...


Ҳабибулло Ботиров Тожикистон ҳукумати мамлакатнинг Ўзбекистон билан чегарасидаги ўзбеклар кўп яшайдиган минтақаларга тоғли ва тоғолди туманларидан тожик оилаларини кўчириб келишга қарор қилди.

Гарчи ҳукумат бу кўчириш сабабини ишчи кучини тенг тақсимлаш ва ўзлаштирилмаган ерларни ўзлаштириш билан изоҳлаётган бўлса-да, кузатувчилар бу “буюк кўчириш” ортида сиёсий важлар борлиги ҳақида кўпроқ гапиряпти.

Расмий маълумотларга кўра, шу йилнинг ўзида икки мингдан зиёд оилани ўзи яшаб турган тоғли ва тоғолди ҳудудлардан водийларга ихтиёрий кўчириш кўзда тутилган. Кўлоб минтақасида яшовчи минг оиланинг бўлажак манзили аллақачон маълум. Улар, асосан, ўзбеклар истиқомат қиладиган ва Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманига кўчирилади. Ҳукумат бу кўчиришни бўлажак муҳожирлар айни вақтда яшаётган минтақада сув, ер етишмаётгани ва аҳоли зичлиги билан изоҳламоқда.

Давлат миграция хизмати бошлиғи Анвар Бобоевнинг айтишича, кўнгилли муҳожирлар Турсунзода туманидаги янги ерларни ўзлаштиради ва туман иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

“Бу йил Хатлон вилоятидан Турсунзода шаҳрига минг хўжалик кўчирилиши керак. Турсунзодада ўзлаштирилмаган ерлар мавжуд. Кўчиришдан асосий мақсад ҳам туман қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдан иборат”, - дейди А.Бобоев.

Унинг билдиришича, аҳолини ихтиёрий кўчириш давлат дастури 2001 йилдан бери амалга оширилмоқда. Бу дастурга кўра, мамлакатда ишсизлик муаммосини ҳал этиш, меҳнат заҳираларини тенг тақсимлаш орқали иқтисодиётни ривожлантириш кўзда тутилган.

Лекин, давлат миграция хизмати бошлиғи сўзларига кўра, ҳайдаладиган ер майдони чегараланган ва саноати умуман ривожланмаган Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан мамлакатнинг энг жанубий Носир Хисрав туманига кўчирилган кишиларнинг 20 фоизи янги жойга ўргана олмай, ўз қишлоқларига қайтиб кетмоқда.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ходими Исмоил Раҳматовнинг таъкидлашича, уларнинг қайтиб кетишига нафақат ёздаги жазирама иссиқ, балки оддий инсоний шароитлар яратилмагани, масалан, сув чиқарилмагани, уй-жой, мактаб, боғчалар қурилмагани сабаб бўлмоқда.

И.Раҳматов Хатлон вилоятининг ўзида экиладиган майдонлар кўплигига қарамай, шусиз ҳам аҳоли зич яшайдиган Турсунзода туманига Кўлоб минтақасидан оилаларни кўчириш мантиқсиз эканини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, Кўлоб минтақасидаги тожикларни Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманига кўчиришнинг сиёсий жиҳатлари кўпроқ бўлиши мумкин.

“Чунки Тожикистон-Қирғизистон ва Тожикистон-Ўзбекистон ҳамда бошқа мамлакатлар билан чегараларни мустаҳкамлаш табиий ҳолдир. Бу хил узоқни кўзловчи сиёсат ҳар бир давлатга хос”, - деди И.Раҳматов.

Айрим кузатувчилар Ўзбекистонга чегарадош туманларга мамлакатнинг айнан Кўлоб минтақасидан тожикларни кўчиришни бу ерларда яшовчи ўзбекларнинг Ўзбекистон таъсирига берилиб кетиши олдини олиш, шунингдек, минтақада миллий мутаносибликни таъминлаш учун кўрилаётган чора ўлароқ баҳоламоқда.

“Ҳолбуки, - дейди журналист Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, - Турсунзода туманида ўзлаштирилмаган ернинг ўзи қолмаган. Деҳқонларга совет даврида берилган 20-30 сотих томорқада икки-уч оила тирикчилик қилмоқда. Гўё Турсунзода туманида нообод жойларни обод қилиш мақсадида бу ерга Кўлобдан минг ва ундан ҳам кўпроқ оилани кўчириб келиш ҳақида гапириляпти. Турсунзода туманининг қай ери нообод эканини ҳеч ким билмайди. Қизиғи шундаки, кўчириб келтириладиган оилалар чегара минтақаларига жойлаштирилади. Лекин маҳаллий аҳоли орасида турар жойга эҳтиёжи катта оилалар кам эмас”.

Маҳаллий кузатувчи Жамолиддин Сайфиддинов эса ҳукуматнинг тожикларни улар кам яшайдиган минтақаларга жойлаштириш сиёсатини маъқуллаб гапирди.
XS
SM
MD
LG