Линклар

Тожикистон ислом уйғониш партияси мамлакат ҳукуматини президент сайлови олдидан эл ўртасида мазкур партия обрўсини туширишга ҳаракат қилаётганликда айблади

  • Садриддин Ашур

Партиянинг Сўғд вилояти бўлими раиси Убайдулла Файзуллоевнинг “Озодлик” радиосига айтишича, гарчи бирлашган тожик мухолифати билан ҳукуматнинг ярашганига 9 йил бўлган эса-да, камчиликларни айтиб туриш бу ишнинг олға силжишига ёрдам беради.

“Жамият тараққиётига ғов бўлиб турган уч омил бор. Уларнинг бири айрим ҳукмрон партияларнинг яккаҳокимликка интилишидир. Бу жуда хатарли. Чунки улар яхши иш жойи, яхши обрў ва ижтимоий мақомга эга бўлиш учун ҳукмронлик курсисидан фойдаланмоқда. Масалан, президент партияси бўлган Тожикистон халқ демократик партиясининг бошланғич ташкилоти Спитамен туманидаги “Гулистон” акциядорлик жамиятида ташкил этилди”, - дейди У.Файзуллаев.

Унинг таъкидлашича, агар бу корхона бошқа партияларга ҳам шундай имконият берганида бу ҳақда гапиришга ҳожат йўқ эди.

“Иккинчи ғов, - сўзини давом эттирди У.Файзуллаев, - мамлакатда қонун устиворлигининг йўқлиги. Президент партияси аъзолари томонидан содир этилган қонунбузарликлар гўёки кўзга ташланмайди, лекин бошқа партияларга тазйиқлар кўпроқ бўлаётгани кўзга ташланади. Демократик давлатда ҳамма партиялар вакиллари қилган гуноҳи учун қонун олдида бир хил жавоб бериши керак. Учинчидан, ҳуқуқ-тартибот органлари муайян гуруҳ манфаатларининг эмас, мамлакат конституцияси ҳимоясида бўлиши лозим”.

ТИУПнинг Исфара тумани бўлими раиси Абдусаттор Бобоев вилоят прокурорининг партиянинг туман бўлимини ёпишга кўрсатма берганидан ва президент сайловига иштирок этишга тўсқинлик қилаётганидан жуда таассуфда эканини таъкидлади.

“Вилоят прокурори Абдуғаффор Қаландаров бўлимимизни Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликка айблаганидан норозилик билдирдик. Бўлимда ўтказилган йиғилиш қатнашчилардан прокурордан узр сўрашни талаб қилди, акс ҳолда биз уни судга берамиз”, - деди А.Бобоев.

Унинг фикрича, бу каби ишлар партияни президент сайловига яқинлаштирмаслик мақсадида қилинаётган сиёсий ўйинлардан бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG