Линклар

"Катта саккизлик"ни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирдилар

  • Озодлик

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг 700 нафардан зиёд вакили 4 июнь, сешанба куни Москвада йиғилди.

Мазкур анжумандан мақсад "Катта саккизлик" гуруҳига кирувчи саноати ривожланган давлатлар раҳбарларининг жорий ой ўрталарида Санкт-Петербургда бўладиган учрашувига тавсиялар тайёрлашдир.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг йиғилишида Россия президенти Владимир Путин ҳам иштирок этди.

"Фуқаролар саккизлиги", деб ном олган форумда Россия президенти бир қатор танқидий фикрларни эшитди.

"Сиёсатингизни инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият ҳамда атроф-муҳитнинг ёмонлашуви ҳисобига олиб борманг!" Санкт-Петербургда йиғилган ҳуқуқ ҳимоячиларининг "Катта саккизлик" гуруҳига кирувчи саноати ривожланган давлатлар раҳбарлари олдига қўймоқчи бўлган талаби мана шудир.

Форумда биринчилардан бўлиб Халқаро Амнистия ташкилоти бош котиби Ирен Хан чиқиш қилди.

У глобал миқёсдаги сиёсатни шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси тобора ортиб бораётгани учун жамоатчилик гуруҳларини олқишлади. Ханнинг айтишича, нодавлат ташкилотлари бир қатор соҳалар, жумладан ОИТВ/ОИТС, қашшоқлик ва пиёдаларга қарши қўлланиладиган миналарга қарши курашга катта ҳисса қўшди.

Айни пайтда, Халқаро Амнистия ташкилоти бош котибининг фикрича, терроризмга қарши кураш баҳона дунё бўйлаб нодавлат ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш кучайиб бормоқда.

Анжуман иштирокчилари "Катта саккизлик" давлатлари раҳбарларини ирқчилик, миллатчилик ва қашшоқликка қарши кураш ҳамда қочқинлар ва атроф-муҳитни ҳимоялаш бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларини оғишмай бажаришга даъват қилди.

Россия президенти "Катта саккизлик"нинг 15 – 17 июль кунлари Санкт-Петербургда ўтажак саммитига мезбонлик қилади. У анжуманда ўртага ташланган тавсиялар саммит кун тартиби билан, асосан, ҳамоҳанг эканлигини эътироф этди.

Анжуманда Россия ҳукумати демократияни чеклашда, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятини бўғишда айбланди. Форум иштирокчилари Россия президентига бир қатор тавсиялар берди.

Қочқинлар ва сургун қилинганлар бўйича Европа кенгаши вакили Клер Риммер "Катта саккизлик" аъзоларини уруш ҳаракатлари давом этаётган Ироқ ва Чеченистонда инсон ҳуқуқларининг топталишига чек қўйишга чақирди.

- Чеченистон ва Ироқдаги уруш ҳаракатлари давомида инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол бузилаётгани ошиғич ташвиш уйғотмоқда. Инсон ҳуқуқларининг давлатлар томонидан оммавий тарзда қўпол бузилиши терроризмни озиқлантиради, хавфсизликни таъминлаш учун шароит яратиш имконини бермайди. Шунинг учун биз "Катта саккизлик" давлатларини инсон ҳуқуқлари бўйича дунё бўйлаб тан олинган халқаро меъёрларга асосан ўзларининг терроризмга қарши қонунларини қайта кўриб чиқишга чақирамиз”,- деди Клер Риммер.

Бу даъватга жавоб берар экан, президент Путин қуролли тўқнашувлар давом этаётган ҳудудларда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш иложсиздир, деди. Унинг айтишича, Чеченистонда уруш ҳаракатлари тугаган.

Форум иштирокчилари Путинни Россияда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотларига оид яқинда қабул қилинган қонун учун ҳам танқид қилдилар.

Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Хан мазкур қонун ижроси дунё бўйлаб ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан яқиндан кузатилажагини билдириб, бундай деди:

- Шубҳасиз, нодавлат ташкилотлари орасида мазкур қонуннинг ижроси масаласида муайян иштибоҳлар бор. Менимча, бу қонуннинг ижроси халқаро андозалар ва халқаро тажрибага мос равишда амалга оширилиши, бунинг учун халқаро ташкилотларнинг ҳам маҳаллий нодавлат ташкилотлари, ҳам Россия ҳокимияти билан мулоқоти мавжуд бўлиши лозим.

Путин, ўз навбатида қонунни қаттиқ туриб ҳимоя қилди. Унинг айтишича, ҳужжатни қабул қилишда нодавлат ташкилотларининг талаб-истаклари инобатга олинган. Бироқ унинг жавоблари форумнинг айрим иштирокчилари кўнглини тўлдирмади.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Москвадаги идораси раҳбари Алисон Гилл конференциядан сўнг Озодлик мухбирига бундай деди:

- Унинг шарҳлари, асосан, мантиқли, ижобий бўлди. Бироқ биз масала моҳиятига кириб бормадик. Масалан, нодавлат ташкилотлари тўғрисидаги қонун бўйича президентдан эшитганларимиз бу ҳужжат тўғрисида инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, қолаверса, ўзимнинг билганларимизга, воқеъликка мос келмаяпти.
XS
SM
MD
LG