Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:33

Умид пайдо бўлди...


Хабарларга кўра, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармаси Россиянинг Иваново шаҳрида 2005 йил 18 июнда ҳибсга олинган ўзбекистонлик 13 кишини қочқин сифатида тан олди.

Улар ҳозирга қадар Иваново шаҳри тергов изоляторида сақланмоқда.

Бу фуқароларнинг бошпана сўраб, Россия Федерал миграция хизматига қилган мурожаати рад этилган. Ўзбекистон прокуратураси эса уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини талаб қилиб келмоқда.

Эндиликда БМТ томонидан уларнинг қочқин сифатида тан олиниши ва халқаро ҳимояга олиниши Ивановодаги ўзбеклар мушкулини қанчалик осон қилади, шу билан уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи йўқоладими?

Ивановодаги ўзбеклар масаласи билан шуғулланиб келаётган Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина бу саволларга жавоб берар экан, БМТ бошқармасининг бундай қарори тавсиянома характерига эгалигини билдирди.

“У қочқинлик мақоми берилган одамлар турган давлатларга уларга бошпана ёки сиёсий муҳожир мақомини бериш мажбуриятини юкламайди. Аммо айни вақтда бу шунчаки беэътибор қолдириладиган тавсиянома ҳам эмас. Шунинг учун биз, айниқса, “катта саккизлик”нинг бўлажак саммити олдидан умид билдиряпмизки, бу қарор 12 июлда ўзбекларнинг бошпана сўраб қилган мурожаати юзасидан бошланадиган кассация суди ҳукмига таъсир қилади”, - дейди Е.Рябинина.

Эслатиб ўтамиз, Россия миграция хизмати Ивановодаги ўзбекларнинг бошпана сўраб қилган мурожаатини рад этган. Шу йил июнь ойи бошида бу қарор биринчи босқич суди томонидан ўз кучида қолдирилган.

12 июль куни эса Иваново вилояти суди бу қочқинлардан бири – Ҳамзаевнинг кассация тартибидаги шикоятини кўриб чиқади. Бошқа қочқинларнинг шикоятини кўриб чиқиш муддати эса ҳали айтилгани йўқ.

Е.Рябининанинг таъкидлашича, БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармасининг уларни қочқин сифатида тан олиши суд ҳукмига ижобий таъсир кўрсатишига умид қилиш мумкин.

“... улар шу кунга қадар ноқонуний равишда ҳибсда сақланмоқда. Адвокат Ирина Соколова бу тўғрида прокуратурага шикоят аризаси киритган. Бу фуқаролар ўтган йил июнь ойида тергов изоляторига ташланган бўлса, ўшандан буён ҳибсда ушлаш муддати қонуний равишда узайтирилмаган. Агар биз уларни ҳибсдан озод қилишга эришсак, у ҳолда БМТ бошқармаси бу фуқароларни бошқа бир хавфсиз мамлакатга ўтказиш чорасини кўриши мумкин. Аммо бу ҳали олдинга қўйилган мақсад, холос. Яъни бу қарор муаммони автоматик равишда ҳал қилмайди, бироқ уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишидан ҳимоя этиш учун жиддий аргумент, деб ҳисоблаш мумкин”, - деди Е.Рябинина.
XS
SM
MD
LG