Линклар

logo-print

А-310 ҳалокатга учради

  • Озодлик

Россиялик қутқарувчилар Иркутск шаҳри аэропортига қўнганидан сўнг ҳалокатга учраган А-310 аэробуси бортидан 122 кишининг жасадини топди.

Самолёт йўловчиларидан 58 киши касалхонага ётқизилди.

Иркутск ҳаво майдонида ҳалокатга учраган А-310 парвозни Москвадан бошлаган эди.

Қўниш йўлидан чиқиб кетган аэробус бетон деворга бориб урилди ва шундан сўнг ёнғин бошланди.

Михаил Егерев ҳалокатни ўз кўзи билан кўрганлардан бири. Унинг гаражи аэропорт ҳудудига яқин ерда жойлашган.

- Эрталаб саккизларда пақиллаган овоз эшитдим, ер қимирлаб кетгандай бўлди. Ташқарига чиқиб буруқсаётган тутунни, самолётнинг қуйруғини кўрдим. Самолёт маркаларини биламан. Аэробус эди. Гаражим томонга югурдим. Тутундан қорайиб кетган, яраланган одамлар келаётганини кўрдим, - деди воқеа шоҳиди.

Хабарларга қараганда, аэробусда 204 киши бўлган. Егеревнинг айтишича, омон қолган йўловчилардан бири унга ҳалокатнинг баъзи тафсилотларини айтиб берган:

- У Байкал томондан келиб, қўна бошлади. Мен самолётдан тушганлардан биридан сўрадим. Аэробус қўниш йўлига тушибди, тормоз бермай кетаверибди. Кейин салонга ўт кетди, ундан кейин деворга бориб урилди, деди ўша киши.

Учоқнинг қуйруғигина соғ қолган.

Хабарларга қараганда, учоқдаги йўловчиларнинг камида 14 нафари дам олиш учун Байкал кўлига кетаётган болалар эди.

Президент Путин ҳалокат сабабларини ўрганишга фармойиш берди, нобуд бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Россия Федерацияси Транспорт вазири Игорь Левитиннинг айтишича, аэробус учувчилари авиадиспетчерга яхши қўниб олганлари тўғрисида айтганлар, бироқ кейинги лаҳзадаёқ радиоалоқа узилган. Вазирга кўра, ёмғир ёққани туфайли қўниш йўли хўл бўлган. Лекин ҳалокатнинг асл сабаби аниқ эмас. Учувчи ва диспетчер ўртасидаги сўзлашувларни ёзиб борувчи мослама топилган ва ўрганиш учун Москвага юборилган.

А-310 учоқларини ишлаб чиқарувчи компания ўз мутахассисларини Иркутскка юборганини маълум қилди. Хабар қилинишича, ҳалокатга учраган 220 ўринли учоқ 1987 йили ишлаб чиқарилган ва шу пайтгача ердан 10 минг марта кўтарилиб, 52 минг соат парвоз қилган.

Якшанба кунги ҳалокат кейинги 12 йил ичида Иркутскда рўй берган тўртинчи авиаҳалокатдир.

10 июль Россияда мотам куни, деб эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG