Линклар

ЕХҲТ нима бўлмасин Ўзбекистонда қолишни истамоқда

  • Озодлик

Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги маркази илгариги мақоми асосида фаолият олиб боришни тўхтатди.

Бундан кейин мазкур марказ ЕХҲТ лойиҳаларини мувофиқлаштирувчи идора (ЕХҲТнинг лойиҳалар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчисининг офис-идораси) сифатида ўз фаолиятини давом эттиради.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги фаолияти анчадан буëн ҳукуматнинг бу тузилмага нисбатан маломатларига сабаб бўлиб келаëтган эди. Расмий Тошкент мазкур тузилма Ўзбекистонни дунë жамоатчилиги кўз олдида обрўсизлантириш билан шуғулланмоқда, деган иддаоларни илгари сурарди.

Кузатувчилар фикрича, сўнгги пайтларда ташкилотнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятлар ҳақида ҳисоботлар тайëрлагани, фуқаролик ва сиëсий эркинликлар топталганига оид баëнотлар қилгани Тошкент ҳукуматининг ғашига тега бошлаган. Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар ковушини тўғрилашни муваффақиятли уддалаб келаëтган Тошкент ЕХҲТни ҳам ҳайдалганлар рўйхатига киритиш тараддудида бўлган.

Яқин-яқингача расмий Тошкентни ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажармаëтганликда айблаб, танқид қилиб келган ЕХҲТнинг қисқа вақт ичида ўз сиëсатини ўзгартириши унинг ҳукумат позициясига бир оз ëн босаëтгани сифатида қабул қилинмоқда.

Хуллас, Ўзбекистон ҳукуматига ЕХҲТ фаолияти маъқул келмаган ва ташкилот олдига иккита шарт қўйилгани айтилади. Булар “тугунини йиғиштириш” ëки демократия, инсон ҳуқуқлари ҳақида оғиз очмасдан, Тошкентнинг ғашига тегмайдиган мавзулар ҳақида гапириш.

Эндиликда ташкилот олдида турган бош вазифа қандай қилиб бўлмасин, Ўзбекистонда қолишдир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ëқубов илгарилари ҳуқуқ фаоллари билан тез-тез учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солиб келган бу ташкилотнинг энди қадриятлари ҳам ўзгарганини таъкидлайди.

“Мен ушбу ташкилот фаолияти ва унда ишлаган одамларни яхши биламан. Олдинлари ЕХҲТ раҳбарлари биз билан тез-тез учрашиб турар эди. Ҳозирги янги раҳбарлар эса “борми-йўқми” қабилида иш тутади. Улар ҳаммаси коррупциялашган. Уларни пулдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди”, - дейди Т.Ёқубов.

ЕХҲТ матбуот котиби Мартин Немирский эса юз берган ўзгаришлар қонун доирасида амалга оширилаëтгани айтиб, бунинг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилди.

“ЕХҲТ доирасидаги ҳар бир лойиҳанинг ўз муддати бўлади. Улар маълум муддат ишлаб, лойиҳалар якунланганидан сўнг мезбон мамлакат, яъни айни ҳолатда Ўзбекистон ҳамда ЕХҲТ расмийлари музокаралар столига ўтириб, олиб борилаëтган лойиҳалар давом эттириладими, агар давом эттирилса, у қандай кўринишда бўлади ва шунга ўхшаш масалаларни муҳокама қилади. Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатлар мисолида кўрадиган бўлсак, улар янги мандатга келишиб олди. Бундан буëғига марказ ЕХҲТнинг лойиҳалар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчиси идораси, деб номланади”, - деди М.Немирский.

ЕХҲТ миссияси қайта кўриб чиқилиши ва ташкилотнинг бошқа ном остида фаолият юргизишини кўпчилик кузатувчилар расмий Тошкент олиб бораëтган сиëсатни қўллаб-қувватлаш ва тузилма Ўзбекистонда қолиш учун ҳар қандай шартларга рози, деб ҳисобламоқда.

“ЕХҲТ Ўзбекистон ҳукуматини халқаро жамоатчилик олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларини амалга оширишга чақиришда давом этади. Хоҳ инсон ҳуқуқлари соҳасида бўлсин, хоҳ бошқа, биз ўз принципларимиздан воз кечмаймиз. Шундай экан, биз ҳозир ҳамкорлик қилаëтган мамлакатлар муайян даражада ўз мажбуриятларини бажармоқда. Албатта, уларнинг айримлари ўтиш даврини бошдан кечирмоқда, шунинг учун бошқаларга қараганда кўпроқ ëрдамга муҳтождир. Ўзбекистонда ташкилот миссияси ўзгариши ва идоранинг янгича номланишига урғу беришнинг ҳожати йўқ. Чунки биз олдимизга қўйган вазифаларни бир оз янги тарзда бажаришда давом этамиз”, - деди М.Немирский кузатувчиларнинг танқидларига жавобан.

ЕХҲТнинг Тошкентдаги марказидан эса мавзу юзасидан тайинли жавоб олишнинг имкони бўлмади.

МДҲ мамлакатлари бўйича мустақил кузатувчи Виталий Портников ЕХҲТнинг қандай бўлмасин ўнлаб хорижий ташкилотлар ҳайдалган Ўзбекистонда қолишни истаётгани нима бериши тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб қилди: “Ҳар қандай ноҳукумат ташкилот учун инсон ҳуқуқлари ëки фуқаровий жамиятга оид муаммолар мавжуд бўлган мамлакатда фаолият олиб бориш жуда муҳимдир. Аслида Ўзбекистон ва Марказий Осиëнинг бошқа мамлакатлари раҳбарларининг ЕХҲТга аъзо бўлиш тўғрисидаги битимни имзолаганининг ўзи катта гап. Чунки жуғрофий жиҳатдан Ўзбекистон ЕХҲТнинг юрисдикциясига кирмайди. Бу шунчаки совет давридан қолган. Аслида Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлмаса ҳам бўларди. Ўшанда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ҳеч ким назорат ҳам, танқид ҳам қилмас эди”.

В.Портниковнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон замонавий тарзда ривожланаман деса, айтиш мумкин бўлса, туркча йўлдан бормасдан бошқа иложи йўқ.

“Албатта, Ислом Каримов Отатурк бўла олмайди. Аммо Ўзбекистон учун замонавий йўналишдан бошқа йўл мавжуд эмас. ЕХҲТ эса Ўзбекистоннинг замонавий ҳаëтга интеграциялашувида қўядиган биринчи қадамидир”, - деди В.Портников.
XS
SM
MD
LG