Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:44

Қирғизистон жануби тинчимай қолди


Абдуллоҳ Эргаш 9-10 июль кунлари Қирғизистон жанубида номаълум қуролли гуруҳ ва милиция ходимлари ўртасида отишма бўлиб ўтди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, қуролли гуруҳ аъзолари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида бўлиб ўтган отишмада бир милиционер ҳалок бўлгани, икки милиция ходими ва бир фуқаро ярадор бўлгани хабар қилинмоқда.

“Милиция старшинаси А.Рустамов давлат рақами Д 18 - 33 С бўлган оқ рангли “Тико” автомобилни тўхтатган. Машинадан осиё миллатига мансуб икки киши тушган ва милиционерларга қарата ўқ узган. Натижада бир милиция ходими воқеа жойида қурбон бўлди”, - дейди воқеа тафсилотларини баён қилган Қирғизистон ички ишлар вазири матбуот котиби Аида Бакирова.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, номаълум гуруҳни зарарсизлантириш операцияси пайтида, яъни 10 июль куни эрталаб соат бешларда милиция қидирув гуруҳи жиноятчиларнинг пистирмасига дуч келган. Автоматлар билан қуролланган одамлар сони тахминан уч киши бўлган. Бу ерда содир бўлган отишма пайтида икки милиция ходими ва оддий фуқаролардан бири яраланган.

“Афсуски, жиноятчилар қамишзор оралаб Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри йўналишида яширинишга муваффақ бўлган”, - деди А.Бакирова.

Айни пайтда отишма содир бўлган Жалолобод шаҳрида жами 370 та милиция ходими қидирув ишларига жалб қилинган. Қидирув амалиётини Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Темиркан Сувоналиев бошқармоқда. Жалолобод шаҳрига кириш-чиқиш йўллари кучайтирлган тартибда қўриқланмоқда.

“Озодлик” мухбирининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари жиноятчилар Ўзбекистон ҳудудига қочганидан огоҳ қилиндими ва қидирувда Ўзбекистон милицияси ҳам иштирок этяптими, деган саволига тасдиқ жавоби берилди. Айни пайтда қуролли гуруҳни қидириш ишлари давом эттирилмоқда.

“Ҳозир амалиёт натижалари ҳақида ахборот кутмоқдамиз. Қўшимча маълумотлар бўлса, албатта, хабар қилинади. Лекин алоқа ёмонлиги сабабли қидирув амалиёти олиб бораётган гуруҳ билан ҳозирча боғланиш имконияти бўлмаяпти”, - дейди А.Бакирова.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, мустақил Қирғизистон тарихида биринчи марта кўча отишмаси 2005 йил 13 июнида Ўш шаҳри марказида бўлиб ўтганди. Бу отишмада етти киши яраланган эди. Шундан кейин Ўш вилояти ҳокимлиги биносининг чап қаноти портлатилди, Ўш шаҳри милицияси биноси олдида портлатилган гранатадан бир милиция ходими ҳалок бўлди, жорий йил 12 майда қирғиз-тожик чегарасига бир гуруҳ қуролланган одамлар ҳужум қилди, июнь ойида эса Қирғизистон парламентидаги бўшаб қолган ўринга Ўш вилоятидаги “Қуршоб” сайлов округида бўлиб ўтган сайловда депутатликка номзод икки кишининг тарафдорлари ўртасида отишма бўлиб ўтди. Бу отишмада, расмий маълумотга кўра, 17 киши яраланган. Улардан 10 нафари милиция ходимидир.
XS
SM
MD
LG