Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:41

Террорга қарши "ўзбекча" кураш?


"Озодлик" Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси яқинда "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштиришга қарши кураш билан боғлиқ равишда маълумот тақдим этиш тартиби тўғрисида" қарор қабул қилди.

Uzmetronom.com сайтининг хабар қилишича, қарор 30 июнь куни қабул қилинган, лекин унинг матни маҳаллий матбуотда эълон қилинмаган.

Сайт қарор матнини 11 июль куни эълон қилди.

Озодлик мухбири қарор билан танишишиш жараёнида пайдо бўлган саволларини бир қатор мутахассисларга берди.

Аввало шуни айтиб қўйиш керакки, номи зикр этилган қарор билан мутлақ бир хил номланувчи қонун ҳам бор Ўзбекистонда.

Демак, ҳужжатда тилга олинган масала, аслида янги эмас.

Бироқ шундай бўлса-да, қарор ва унинг иловалари билан яхшилаб танишиб чиқдик.

Ҳужжатда белгилаб қўйилган меъёрлар билан танишар экансиз, банклар ва умуман фуқаро билан пул-мулк муомаласига киришувчи биронта идорага иши тушган одам дарҳол давлатнинг микроскопда ўрганадиган объектига айланар экан-да, деган хаёл келади.

Чунки, агар Ўзбекистондан ташқаридаги эгаси аноним бўлган ҳисобга пул ўтказилса, ёки шундай ҳисобга пул келиб тушса, банкка нақд пул қўйилса, нақд пулга қимматбаҳо қоғозлар сотиб олинса, чет эл валютаси нақд пулга сотиб олинса, ҳатто лотереяга чиққан ютуқ банкдан олинса, (операциялар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин) бу ҳақдаги маълумотни банк дарҳол Бош прокуратуранинг махсус департаментига тақдим этиши лозим.

Ҳужжатнинг бир жойида агар бундай оперциялар энг кам иш ҳақининг 4 минг баробари миқдорида дейилганини ўқиб, "ҳа-а-а", деб қўясиз, албатта. Чунки 43 миллион сўм, ёки 35 минг доллар атрофидаги пул ҳар бир ўзбекистонликда ҳам йўқ ва демак, бу қарор мамлакат аҳолиси қалин қатлами учун дахлсиздир.

Бироқ ҳужжатнинг кейинги бандидаёқ террорчиликда гумон қилинган одам билан алоқаси борликда гумон қилинган мижознинг банк операциялари тўғрисидаги маълумотлар, орадаги пулнинг миқдоридан қатъиназар, прокуратурага тақдим этилади, дейилган.

Демак, Ўзбекистонда банк-кредит муассасалари билан муомалага кирувчи ҳар қандай киши тўғрисидаги маълумотни прокуратура ҳеч қандай монеликсиз ола билади. (Монелик қилган амалдор жавобгарликка тортилиши ҳам эслатилган қарорда).

Маълумки, дунёдаги барча банклар ўзларига мижоз чақирар экан, омонатлар тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши кафолатланишини пеш қилади. Вазирлар маҳкамасининг тилга олганимиз қароридаги талаблар ана ўша принцип билан зиддиятга киришмайдими?

Бу саволни мутахассисга, Туркманистон Марказий банкининг собиқ раиси Худойберди Ўразовга бердик.

- Агар гап тижорат банкларининг Марказий банкка маълумот бериши устида борадиган бўлса, бунинг нотўғри жойи йўқ, лекин маълумотнинг давлат идорасига берилиши нотўғридир, - дейди банк ишлари бўйича мутахассис.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам Туркманистондагидай, иқтисодиётнинг ҳамма давлатлар учун бир хилда бўлган қонуниятларини назарга илмаяптилар.

- Иқтисодиётнинг қонуниятлари ҳамма жойда бир хилдир. Айтаётганингиз қарор Ўзбекистон ҳукуматининг ўша қонуниятларни назарга илмай, тақиқлаш йўлидан бораётганлиги аломатидир, - деди Худойберди Ўразов.

Суҳбатдошимизга қарорнинг террорчиликнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинганини эслатдик. Унинг фикрича, "қарорда назарда тутилган чоралар мутлақо самарасиздир. Фақатгина мамлакатдаги иқтисодий жараёнларнинг ошкоралиги терроризмга қарши курашда ёрдам бўлиши мумкин".

Ўразовнинг айтишича, "нияти бузуқ шахслар ўзларининг қора ишларини банкларсиз ҳам амалга ошира билади. Калтак эса, оддий фуқаронинг, оддий тадбиркорнинг бошида синади, алам қиладигани шу".

Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорига муносабат билдиришни сўраб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий масалалар бўйича етакчи мутахассиси Mark Baltesга ҳам мурожаат қилдик.

- Ҳар бир мамлакат ўз миллий қонунчилигини, ҳатто у халқаро стандартларга мос келмаса ҳам, амалга оширишга ҳақли, бироқ халқаро андозаларга мос бўлмаган қонунлар мамлакатга сармоялар кириб келишини чеклаб қўяди, - дейди Mark Baltes.

Унинг фикрича, террорчилар фаолиятининг молия билан таъминланишига қарши кураш муҳим масаладир, бироқ бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати қўллаётган усулни тўғри, деб бўлмайди.

- Банклар, - дейди Mark Baltes, - шубҳали оперциялар тўғрисидаги маълумотларни аввало, махфий хизматларга эмас, балки мустақил ташкилотларга тақдим этиши керак. Улар текшириб чиққанидан кейин, агар лозим топса, давлат органларига бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG