Линклар

logo-print

Маркус Бенсманн: “...бундай чоралар ўзбек расмийларига таъсир қилади”

  • Абдулла Искандар

Германия Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозими Гернот Эрлер Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди. Ушбу ташрифдан мақсад Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш экани айтиляпти.

Германиялик амалдорнинг Ўзбекистонга ташрифи ўзбек расмий матбуотида кенг ёритилиб, аввало, иқтисодий алоқаларнинг “олам гулистон” эканига урғу берилмоқда.

“Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит немис ишбилармонларининг мамлакатимизга қизиқишини оширмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми қарийб 326 миллион АҚШ долларини ташкил қилди”, - дейилади маҳаллий матбуот хабарларида.

Немис журналисти Маркус Бенсманн Ўзбекистон расмий матбуотида келтирилган бу рақамлар ҳеч нарсани англатмаслиги таъкидлайди.

“Бу немис иқтисоди учун ҳеч нарсани англатмайди. Бу сариқ чақадан бошқа нарса эмас. Ҳозирги пайтда немис ишбилармонлари ўзбек иқтисодиётига сармоя ëтқизишни истамаяпти. Чунки Ўзбекистонда сармоя ва тадбиркорни ҳимоя қилиш тизими йўқ. Ўзбекистондаги тутуриқсиз ва ўзбошимча сиëсат сармоядорни ҳимоя қилишга қаратилмаган”, - дейди журналист.

Ўзбекистон расмийлари Германиянинг Ўзбекистонга киритган сармояси миқдори жорий йилнинг ўзида 20 миллион долларни ташкил этганини айтяпти.

Ўзбек матбуоти Германия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими ташрифининг сиëсий аҳамиятига ҳам урғу бермоқда. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори Раҳмон Фармонов сўзларига кўра, ўзбек-немис алоқалари бошқа Ғарб мамлакатлари билан таққослаганда анча изчил ва барқарор.

Унинг Германиядаги ҳамкасби доктор Ҳенрик Поос ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни зарур ҳисоблайди.

“Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон дунëдан ажралиб, изоляцияда қолди. Аммо изоляция тўғри йўл эмас, мулоқот зарур. Германиянинг бир оëғи Ўзбекистонда бўлиши керак. Бир томондан Хитой, бошқа томондан Россия манфатларини ҳисобга олганимизда бу мулоқотнинг нақадар зарур эканини англаб етамиз”, - деди Ҳ.Поос.

Немис журналисти Маркус Бенсманн эса Ўзбекистон билан узоқ йиллар давомида амалга оширилган мулоқотлар ҳеч иш бермагани эслатди.

“Яна қанақа мулоқот ва бу мулоқот сўнггида иккинчи Андижон қатлиомга борамизми? Умуман бундай мулоқот бор эди. Мустақилликдан кейинги 13 йил давомида биз мулоқот орқали Ўзбекистонда демократия ғалабасига эришамиз дейилди. Натижа нима бўлди? Каримов ўз халқини пулемётлар билан қирди. Каримов режими нафақат Ўзбекистонни, балки бутун минтақани боши берк кўчага олиб боради. Агар Германия бундан манфатдор бўлса, майли мулоқот қилаверсин”, - деди М.Бенсманн.

Тадқиқотчи Ҳенрик Поос мулоқот воситаси билан ўзбек режимини танқид қилиш ва уни тарбиялаш мумкин, деб ҳисоблаётган бир пайтда М.Бенсманн бу фикрга ҳам истеҳзо билан қарамоқда.

“Каримов ва унинг мулозимлари гапга кирмас ëш болалар эмас. Улар тинч халқни пулемётлар ëрдамида қиришнинг номақбул иш эканини жуда яхши билади. Улар ҳалқни қирмасдан туриб, ўз курсисини сақлаб қола олмаслигини ҳам жуда яхши англайди. Улар безбетларча ўз аскарларини халқи устига ташлади. Улар ўз халқига ўқ отди. Қотиллар билан мулоқот маъносиздир”, - дейди журналист.

М.Бенсманн ўз халқига ўқ отган режим Ғарб томонидан жазоланиши кераклигини таъкидлаб: “Биз уларга қарата агар ўз халқига ўқ отса, улар билан маданий соҳада ҳамкорлик қилмаслигимизни, олимларини чақирмаслигимизни, агар ўзини шундай тутса, бизнинг эшикларимиз улар учун ёпиқлигини айтишимиз зарур”, - деди.

Унинг фикрича, бу чоралар ўзбек мулозимларига таъсир қилади.

“Ўзбекистон элитаси учун Германия катта имконият. Улар ўзи ўғирлаган пулларни немис банкларига қўйишни истайди, ўзининг наркоман болаларини немис шифохоналарида даволатишни ва иложи бўлса, немис мактабларида ўқитишни хоҳлайди. Уларни бу имкондан маҳрум қилиш керак. Ўшандагина биз самарага эришишимиз мумкин”, - дейди М.Бенсманн.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам Германия Ўзбекистон борасида тутаётган сиёсати билан Андижондаги қонли воқеалар учун Тошкент ҳукуматини жавобгар қилмоқчи бўлаётган Европа Иттифоқининг чораларини издан чиқаради, деб ҳисоблайди.

Ташкилотнинг Москвадаги ваколатхонаси директори Алисон Гиллнинг айтишича, Германия қисқа муддатли иқтисодий манфаатлари орқасидан югурмай, мамлакатдаги вазиятни яхшилаш масаласига кенгроқ қараши керак.
XS
SM
MD
LG