Линклар

logo-print

Крейг Мюррей: “Ўзбек мухолифатини “Ал-Қоида” билан боғлиқ, деб кўрсатувчи маълумотлар мутлақо ёлғондир”

  • Ҳурмат Бобожон

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг “Самарқанддаги қотиллик” номли китоби босмадан чиқди. Буюк Британия ҳукумати собиқ элчига судга тортиш билан таҳдид солмоқда.

Бундан аввалроқ К.Мюррей Буюк Британия Ўзбекистонда қийноқ қўллаш орқали олинган ахборотлардан фойдаланганини исботловчи ҳужжатларни Интернетдаги ўз саҳифасига жойлаштирган эди. У бу қилмиши учун судга тортилиши мумкинлигига қарамай, китобни ҳам чоп этди.

“Озодлик” мухбири собиқ элчи Крейг Мюррей билан суҳбатда бўлди.

Мухбир: Жаноб Мюррей, Буюк Британия ҳукумати сизни судга бериш ҳақида огоҳлантирган. Шундайми?

К.Мюррей: Улар китобимда келтирилган маълумотлар учун эмас, веб саҳифамда айрим ҳужжатларни эълон қилганим учун судга тортилишим ҳақида огоҳлантирган. Чунки мен ўз китобимда Ўзбекистонда бошдан кечирганларим ҳақида ёзганман. Веб саҳифамда эса айрим расмий ҳужжатларни ошкор этдим. Одамлар айтганларимга амин бўлиши учун шу ҳужжатлар нусхасини веб саҳифамга жойлаштирган эдим. Шунинг учун ҳукумат мени судга тортмоқчи.

Мухбир: Ҳужжатларни эълон қилишдан олдин бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги билан маслаҳатлашганмисиз? Уларга маълум қилганмисиз?

К.Мюррей: Ҳа, мен уларга бу ҳақда айтганман. Кейин улар кўпгина ўзгартиш киритишимни сўради. Мен улар айтган ўзгартишларни киритдим. Кейин бу ҳужжатларни умуман ошкор этмаслигимни айтишди. Мен уларнинг бу қарорини нодемократик баҳолаб, тақиққа қарамай, ҳужжатларни веб саҳифамда эълон қилдим.

Мухбир: Буюк Британия ҳукумати бу ҳужжатларни ошкор этишингизга нега қаршилик кўрсатяпти, деб ўйлайсиз?

К.Мюррей: Бу ҳужжатлар Буюк Британия ва АҚШнинг Каримов ҳукумати билан 2002-2004 йиллар оралиғидаги ҳамкорлиги, хусусан, бу давлатлар жосуслик хизматлари Ўзбекистонда қийноқ остида олинган разведка маълумотларидан фойдаланганини тасдиқлайди. Шуни айтишим керак, ўзбек хавфсизлик хизматлари эга бўлган маълумотларнинг аксари асоссиз, ёлғондир. Ўзбек мухолифатини “Ал-Қоида” билан боғлиқ, деб кўрсатувчи бу маълумотлар мутлақо ёлғон маълумотлардир.

Мухбир: Собиқ дипломат сифатида бу қилмишингиз, яъни Ташқи ишлар вазирлиги тақиқига қарамай, ишга доир ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор этишингиз дипломатик этикага қанчалик тўғри келади, деб ўйлайсиз?

К.Мюррей: Ҳукумат нотўғри, қонунга хилоф иш қилаётган, Ўзбекистондаги қийноқларни кўра-била туриб, қийноқлар остида олинган маълумотлардан мунтазам фойдаланиб келаётган экан, фуқаролар бунга қаршилик билдиришга ҳақлидир. Демократиянинг моҳияти ҳам шунда. Қонунга хилоф ҳаракат олдида жим турмаслик ҳам этикадир. Бирлашган Қиролликда судлар мустақил. Агар ҳукумат мени бу қилмишим учун судга тортишни ният қилган экан, бунинг ёмон ери йўқ, кўрамиз, суд қандай қарор чиқарар экан.

Мухбир: Яна китобингизга қайтсак. Ҳозирча китобингиз қўлимизга келиб тушгани йўқ. Нималар ҳақида ёзгансиз бу китобингизда?

К.Мюррей: Бу китобга Ўзбекистонда бошдан кечирганларимни жамладим. Ўзбекистон ҳукумати хулқ-атвори, табиати ҳақидаги кўз қарашларим бу китобда акс этган. Ўйлайманки, оддий ўзбекистонликларга ҳам, Марказий Осиёнинг ушбу давлати билан қизиқаётганларга ҳам бу китоб қизиқарли бўлади.

Мухбир: Яқин орада китобингизнинг ўзбекча таржимаси ҳам чиқиб қолса керак...

К.Мюррей: Агар кимки буни ўзбекчага таржима қилса, хурсанд бўлар эдим. Лекин китобнинг ўзбекча таржимаси Ўзбекистонда Каримов режими қуламагунча у ердаги ўқувчиларга етиб бориши қийин бўлса керак. Шунга қарамай, бу китоб ўзбек тилида ҳам чиқиши шарт, деб ўйлайман.
XS
SM
MD
LG